“Яллама” чегара божхона постида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди
2026-07-24 19:10:00 / Янгиликлар

Тадбир давомида журналистларга транспорт ва логистика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқаро юк ташувларини ривожлантириш, ташқи савдо юкларининг чегара орқали тезкор ҳаракатланишини таъминлаш ҳамда миллий ташувчилар ва тадбиркорлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда халқаро автомобиль ташувлари ҳажми сезиларли даражада ошди. Жумладан, 2017 йилда чегаралар орқали 310 мингга яқин юк автотранспорт воситаси ҳаракатланган бўлса, 2026 йилда ушбу кўрсаткич 1,1 миллиондан ошди. Бугунги кунда халқаро юк ташувларининг 34,5 фоизи автомобиль транспорти ҳиссасига тўғри келмоқда.
Хусусан, “Яллама” чегара божхона пости орқали жорий йил бошидан буён 200 мингга яқин юк автотранспорт воситаси ҳаракатланган бўлиб, бу кунига ўртача мингтагача транспорт воситаси божхона назоратидан ўтаётганини англатади. Сўнгги беш йилда халқаро автомобиль транспортида юк ташиш ҳажми 2,2 баробарга, халқаро ташувларни амалга ошираётган автокорхоналар сони эса 1,5 мингдан 2,5 мингтагача ошди.
Пресс-тур давомида Президентимизнинг 2026 йил 7 июлдаги қарори билан 2028 йилгача ишлаб чиқарилганига беш йилдан ошмаган юк автотранспорт воситалари божхона божи ва утилизация йиғимидан озод этилгани алоҳида таъкидланди. Мазкур чора миллий ташувчиларни қўллаб-қувватлаш, экспорт-импорт юкларини ташиш самарадорлигини ошириш ҳамда мамлакат транспорт-логистика салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, Ўзбекистон бугунги кунда 40 дан ортиқ давлат билан халқаро автомобиль ташувлари бўйича ҳукуматлараро битимларга эга экани, улардан 36 таси билан рухсатнома алмашинуви, жумладан 25 та Европа давлати билан йўлга қўйилгани қайд этилди. 2026 йилда Хитой, Тожикистон ва Туркманистон билан e-Permit электрон рухсатнома тизими жорий этилиб, халқаро ташувларни рақамлаштириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 25 мартдаги 114-сон қарори асосида халқаро ва кўп томонлама рухсатномаларни бевосита чегара божхона постларида расмийлаштириш ҳамда уларни олдиндан банд қилиш имконияти яратилгани миллий ташувчилар учун муҳим қулайлик бўлгани таъкидланди.






