Журналистлар “Тошкент” аэропортининг замонавий юк терминали фаолияти билан танишди
2026-07-17 17:15:00 / Янгиликлар

Тақдимотда қайд этилганидек, 2025 йилда ишга туширилган янги юк терминали ҳаво юк ташиш ҳажмининг ортиб бораётган эҳтиёжларини қоплаш мақсадида барпо этилган. Янги мажмуа йилига 120 минг тоннагача юкни қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, бу аввалги терминал имкониятидан бир неча баробар юқори. 2025 йилда терминал орқали 88 минг тоннадан ортиқ, 2026 йилда эса 92 минг тонна юк ва почта жўнатмаларини қайта ишлаш режалаштирилган.
Жорий йилнинг биринчи ярмида терминал орқали 48 минг тоннадан зиёд юк ва почта жўнатмалари қайта ишланиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 33 фоиздан ортиқ ўсишни қайд этди. Бугунги кунда терминал бир суткада 500 тоннагача юкни қайта ишлаш имкониятига эга бўлиб, юкларни ҳаво кемасидан қабул қилувчига топширишнинг ўртача муддати 3–4 соатни ташкил этмоқда.
Шунингдек, терминал ҳудудида умумий майдони 6 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган қўшимча ёпиқ айвонлар қурилиши давом этмоқда. Мазкур лойиҳалар якунлангач, импорт ва экспорт юкларини қайта ишлаш самарадорлиги ҳамда терминалнинг ўтказувчанлик қуввати янада оширилади.





