Ўзбекистон–Латвия ўртасида халқаро автомобиль ташувлари бўйича ҳамкорлик янада кенгаймоқда
2026-07-15 14:30:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида икки давлат ўртасидаги икки томонлама ва транзит автомобиль ташувларини ривожлантириш, рухсатнома тизимини такомиллаштириш, Ўзбекистоннинг ЭCМТ(Европа транспорт вазирлари конференцияси) кўп томонлама рухсатнома тизимига қўшилиши, АЭТР (Халқаро автомобиль ташувларини амалга оширувчи транспорт воситалари экипажларининг ишига оид Европа битими) талабларини амалга ошириш, автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ҳамда чегара назорати билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон миллий ташувчилари учун қўшимча рухсатнома бланкалари ажратилиши бўйича келишувга эришилди. Ушбу рухсатномалар 2026 йил 10 августга қадар тайёрланиб, халқаро ташувчиларга тақдим этилади.
Шунингдек, томонлар 2027 йил учун рухсатнома бланкалари квотасини икки баробар ошириш бўйича ҳам келишиб олдилар. Бу эса миллий ташувчиларнинг Латвия ва Европа Иттифоқи давлатлари йўналишидаги халқаро юк ташувлари имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.


