“Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди
2024-08-13 17:30:00 / Янгиликлар
Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев мазкур қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан маъруза билан иштирок этди.
Қонун лойиҳаси билан, соғлом рақобат муҳитини яратиш, соҳага хусусий секторни кенг жалб қилиш, темир йўл транспортини монополиядан чиқариш мақсадида ташувчи ва вагонлар, (контейнерлар) оператори ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилмоқда.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида темир йўл транспортида йўловчи ташиш соҳасини янада ривожлантириш, ушбу соҳада давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, инвестицияларни жалб этишни кенгайтириш ҳамда йўловчиларга юқори даражада хизмат кўрсатилишини таъминлаш имкониятларини оширишда нодавлат сектори иштирокини рағбатлантириш мақсадида темир йўлда давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари яратилмоқда.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси объектлари давлат тасарруфида қолдирилмоқда, вокзаллар ва вагонлар давлат-хусусий шериклик шартномалари асосида қуриш, модернизация қилиш ва бошқариш учун хусусий шерикка берилиши белгиланмоқда.
Мажлисда қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши темир йўл транспортини тартибга солиш ва бошқариш тузилмасини такомиллаштиришга, соҳада рақобат муҳитини яратишга, фуқароларнинг темир йўл транспортида ҳаракатланишида сифат даражасини ошириш, нархни тушириш, йўловчи ва юкларни хавфсиз ташишга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиришга ва хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, темир йўл транспорти ҳамда халқаро ташувлар соҳасида халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
