Йўловчи ташиш фаолияти қонунийлигини таъминлаш эътиборда
2026-07-08 10:50:00 / Янгиликлар

Йўловчи ташишга қўйилган талаблар ижроси ҳамда соҳада қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолига йўналишли такси хизматларини кўрсатаётган корхоналар томонидан тендер талаб шартларининг бажарилиш ҳолатининг доимий назоратини таъминлаш орқали соҳада қонуний фаолият олиб бораётган тадбиркорлар манфаати ҳимоя қилиб келинмоқда.
Транспорт вазирлиги Коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан ўтказилган йиғилишда Автомобиль ва жамоат транспорти департаменти, Транспорт назорати инспекцияси, Тошкент вилояти транспорт бошқармаси мутасаддилари ҳамда "Road Pride Logistik" МЧЖ ва "SEVEN TRANS" МЧЖ раҳбарлари иштирок этишди.
Йиғилишда соҳада қонуний фаолият олиб бораётган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятида учраётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, коррупциянинг олдини олиш ҳамда қонунчиликка риоя этиш маданиятини юксалтириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.
Йиғилиш давомида корхона раҳбарларига йўналишларда фаолият юритаётган ҳайдовчиларга йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ҳар кунлик йўриқнома ўтказиш тартиби ҳамда йўловчи ташиш йўналишлари бўйича электрон очиқ тендерларни ташкил этишга оид амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилди.




