Евроосиёнинг барқарор транспорт йўлакларини мустаҳкамлашда Беларус ва Ўзбекистон ҳамкорлиги йўналишлари
2026-07-07 11:45:00 / Янгиликлар

Беларус ва Ўзбекистон транспорт-логистика соҳасида МДҲга аъзо давлатларнинг Мувофиқлаштирувчи транспорт кенгаши (МДҲ МТК), Темир йўллар ҳамкорлик ташкилоти (ТЙҲТ) ҳамда Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг Темир йўл транспорти бўйича кенгаши (МДҲ ТТК) доирасида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Ҳар икки мамлакатнинг МДҲ ва ШҲТдаги иштироки икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча асос бўлиб хизмат қилади, зеро бу ташкилотлар кун тартибида халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш ва давлатларнинг ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳим ўрин эгаллайди.
Ҳамкорликнинг амалий натижаси сифатида Ўзбекистон Республикаси ҳамда республиканинг асосий савдо-транспорт ҳамкорларидан бири бўлган Беларус Республикаси ўртасидаги юк ташиш ҳажмининг барқарор ижобий динамикасини қайд этиш лозим.
Экспорт-импорт юк ташиш ҳажми бўйича Беларус Ўзбекистоннинг асосий ўнта савдо ҳамкори қаторига киради. 2025 йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги юк ташиш ҳажми ўтган йилга нисбатан 30 фоизга ошиб, 850 минг тоннани ташкил этди.
Юк ташишлар тузилмасида импорт устунлик қилади ва унинг асосини ёғоч, ундан ясалган буюмлар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ташкил этади. Экспорт ҳажми эса сезиларсиз даражада қолиб, асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан иборатдир.
Юзага келган вазият, аввало, Ўзбекистон экспортини кенгайтириш ва янги логистика йўналишларини ривожлантириш ҳисобига ўзаро юк ташиш ҳажмини ошириш учун салмоқли салоҳият мавжудлигидан далолат беради.
Геосиёсий зиддиятлар, глобал таъминот занжирларининг диверсификатсиялашуви шароитида Евроосиёда аралаш транспорт турларидан фойдаланган ҳолда “Шарқ–Ғарб” ва “Шимол–Жануб” йўналишлари бўйича янги халқаро транспорт йўлакларини яратиш стратегик аҳамият касб этмоқда.
Ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳалари сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:
I. Денгиз портларига чиқиш имконини берувчи янги оптимал муқобил транспорт йўналишларини шакллантириш.
Истиқболли йўналиш “Беларус–Россия–Қозоғистон–Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон–Ҳинд океани портлари” халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришдир. Бу йўналиш Қозоғистон ҳудудидан ўтувчи Дина Нурпеисова ва Қорақалпоғистон бекатлари орасидаги энг қисқа темир йўл участкасидан фойдаланишни назарда тутади.
2023 йил 1 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ШҲТ Транспорт форуми доирасида Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон транспорт вазирлари ушбу йўлакни яратиш ва ривожлантириш тўғрисида Англашув меморандумини имзоладилар. 2024 йилда Меморандумга Беларус ва Покистон қўшилди, ҳозирда эса Афғонистоннинг қўшилиши юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.
Лойиҳанинг иқтисодий мантиқи жуда аниқ. Йўлак мавжуд муқобил йўналишлардан қарийб икки баравар қисқа бўлиб, юк етказиб бериш муддатини 2-3 бараварга қисқартиради. У Европа Иттифоқи ва МДҲ мамлакатларини Жануби-Шарқий ва Жанубий Осиё билан қуруқликдаги темир йўл-автомобиль йўли орқали бевосита боғлайди ҳамда “Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон” йўналиши орқали Жанубий Осиёнинг аҳолиси зич мамлакатлари – Ҳиндистон ва Покистонга юк ташиш ҳисобига мамлакатларимизнинг транзит салоҳиятини оширади.
Келгусида халқаро транспорт йўлаги фаолиятининг ягона стандартларини, жумладан, ягона ташиш ҳужжатини жорий этиш, шунингдек, технологик ва техник стандартларни унификация қилиш бўйича биргаликда иш олиб бориш кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон орқали ўтадиган янги йўналиш ташқи савдо географияси ва таркибини диверсификация қилишга ёрдам беради, шунингдек, минтақанинг транзит салоҳиятини оширишга олиб келади.
Бу салоҳият бугуннинг ўзида амалда ўз исботини топмоқда. Биргина 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон ҳудуди орқали жанубий йўналишлардаги юк транзити ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоизга ўсиб, 1,8 миллион тоннага етди. Шундан 1,3 миллион тоннаси темир йўл, 0,5 миллион тоннаси эса автомобиль транспорти ҳиссасига тўғри келди.
II. Транспорт соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик.
Транспорт соҳаси учун мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасидаги ҳамкорлик узоқ муддатли шерикликнинг муҳим таркибий қисмидир.
Беларус транспорт соҳаси учун кадрлар тайёрлаш бўйича тан олинган мактабга эга. Хусусан, Гомел шаҳридаги Беларус давлат транспорт университети етакчи ихтисослаштирилган таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Унинг таркибига Кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда Темир йўл транспорти илмий-тадқиқот институти киради.
Беларус давлат транспорт университети ва Ўзбекистоннинг соҳавий ташкилотлари, хусусан, Тошкент давлат транспорт университети ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мутахассислар учун стажировкалар ва малака ошириш дастурларини ташкил этиш, талабалар, магистрантлар ва аспирантларнинг академик ҳаракатчанлигини ривожлантириш, шунингдек, темирйўл транспорти, мултимодал ташувлар ва халқаро транспорт логистикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш имконини беради.
III. Автомобиль транспортида рухсатнома ҳужжатлари алмашинувини рақамлаштириш.
Рухсатнома бланкалари электрон алмашинуви — E-permit тизимига ўтиш алоҳида амалий йўналиш ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистон бундай алмашинувни Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой ва Туркия билан тўлиқ ҳажмда, Тожикистон билан эса қисман амалга оширмоқда. Туркманистон билан ушбу тизимни ишга тушириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Ушбу тизимнинг Беларус томони билан ҳамкорликда жорий этилиши рухсатномаларни тақсимлашда шаффофликни таъминлайди, инсон омили таъсирини йўққа чиқаради ва улардан фойдаланиш устидан назоратни кучайтиради, бу эса мамлакатлар ўртасидаги автомобиль ташувлари ҳажми ортиб бораётганини инобатга олганда, айниқса долзарбдир.
Шундай қилиб, Беларус ва Ўзбекистоннинг транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлиги ўзаро ташувларни кўпайтириш доирасидан чиқиб, стратегик аҳамият касб этмоқда.
Ҳинд океани портлари йўналишидаги мултимодал йўлакдан тортиб, рухсат бериш тартиб-таомилларини рақамлаштиришгача бўлган санаб ўтилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши мамлакатларимизнинг географик жойлашувини ҳақиқий рақобат устунлигига айлантириб, “Беларус – Ўзбекистон – Жанубий Осиё” йўналишини қулай, тезкор ва олдиндан башорат қилинадиган йўналишга айлантириши мумкин.
Бу йўналишларда биргаликда ва изчил ишлаш икки давлатнинг иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашга ҳамда Евроосиё маконининг барқарор транспорт боғлиқлигини шакллантиришга салмоқли ҳисса қўшиш имконини беради.
