Ўзбекистон ва Буюк Британия транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиради
2026-06-19 17:00:00 / Янгиликлар

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Смарт ҳамда UKEF Экспортни молиялаштириш агентлиги вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Учрашувда транспорт вазири И.Махкамов Ўзбекистон Буюк Британия билан транспорт соҳасидаги ҳамкорлик мулоқотини янада ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Хусусан, транспорт инфратузилмаси лойиҳаларида Британия компаниялари ва халқаро молия институтларининг иштирокини таъминлаш, инвестициялар ва технологияларини, шунингдек, британиялик мутахассисларнинг эксперт тажрибасини жалб этиш амалий аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.
Учрашувда хорижий томон вакиллари Ўзбекистондаги транспорт инфратузилма лойиҳаларида, жумладан, Тошкент – Самарқанд янги темир йўли ҳамда аэропортлар ва аэропорт инфратузилмаси соҳасидаги лойиҳаларда иштирок этишга катта қизиқиш билдираётганини маълум қилди.
Ўз навбатида вазир И.Маҳкамов автомобиль йўллари, Тошкент – Самарқанд темир йўлини қуриш соҳасидаги асосий лойиҳалар бўйича техник ҳужжатлар аллақачон шакллантирилганини билдирди.
Ўзбекистон томони UKEF агентлигига Британия томонини мазкур лойиҳаларни молиялаштиришга жалб қилиш имкониятларини ўрганиш учун уларни тақдим этишга тайёрлигини маълум қилди.
Музокаралар давомида Ж.Стоквуд икки мамлакат транспорт идоралари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликдаги қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтириш мақсадида Транспорт вазири И.Маҳкамов бошчилигида Ўзбекистон транспорт соҳаси раҳбарлари делегациясининг Буюк Британияга амалий ташрифини ташкил этишни таклиф қилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, мавжуд ташаббусларни жадаллаштириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича амалий мулоқотни мунтазам давом эттиришга келишди.





