Давлат тилида иш юритиш – устувор вазифа
2024-08-01 14:55:00 / Маънавият ва маърифат

Учрашувда Транспорт вазирлиги марказий аппарати, таркибий бўлинмаларнинг ходимлари ва соҳа ташкилотларида раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида фаолият олиб бораётган мутахассис ходимлар иштирок этди. Вазирликнинг ҳудудлардаги бошқармалари ходимлари тадбирни масофадан видеоконференцалоқа орқали кузатди.
Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Соҳадаги ислоҳотлар барча вазирлик ва идоралар фаолиятида тўлиқ давлат тилида иш юритилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Тадбирга ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти мутасадди ходимлари давлат тилида иш юритишни тўғри йўлга қўйиш, бу борада ходимлар саводхонлигини, маънавиятини янада юксалтириш масалалари бўйича маъруза қилди.
Тадбир давомида она тилимизга ҳурмат билан муносабатда бўлишга ва кундалик ҳаётда сўзлашиш маданиятига эътибор қаратишга ундайдиган “Бекат” видеоролиги намойиш этилди.









