Ногиронлиги бўлган шахсларга «тўсиқсиз муҳит» яратиш долзарб масала
2026-06-16 18:00:00 / Янгиликлар

Айни шу нуқтаи назардан ногиронлиги бўлган шахслар мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур ҳуқуқий, ташкилий шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, илм ўрганиши, касб танлаши, ҳунар ўрганиш борасидаги ҳуқуқларини амалга ошириш масаласида Меҳнат кодексига, Таълим тўғрисидаги қонунга янги меъёрлар киритилди.
Бундан ташқари, Шаҳарсозлик кодексида ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши учун, ижтимоий объектларга эмин-эркин кириб чиқиши учун шароит яратиш масалалари кўзда тутилди. Биноларни қуришда, лойиҳалаштиришда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланишини ҳисобга олиш алоҳида меъёр сифатида белгиланди.
Айнан ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштироки бевосита транспорт инфратузилма объектларининг қанчалик уларга мослашганлигига боғлиқ. Айни шу жиҳатни инобатга олган ҳолда мамлакатимиздаги барча аэропорт, темир йўл вокзаллари, автошоҳбекатлар ҳамда метрополитенда ногиронлиги бўлган ва жисмоний имконияти чекланган шахслар учун алоҳида шароит яратилмоқда.
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан қулай ва инклюзив шаҳар транспорт тизимини ривожлантириш борасида Тошкент метрополитенида амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан жамоатчилик мониторинги ўтказилди. Жамоатчилик мониторингида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вакиллари, Транспорт вазирлиги, Тошкент шаҳар транспорт Бош бошқармаси ҳамда Тошкент метрополитени мутасаддилари иштирок этишди.
Дастлаб, Тошкент метросининг ер ости бекатларида ногиронлиги бўлган шахсларга “тўсиқсиз муҳит” яратиш мақсадида бекатларнинг кириш-чиқиш қисмларига ўрнатилган махсус электрон кўтаргич пандусларнинг ишлаш ҳолати атрофлича ўрганилди. Ҳозирги кунга қадар Тошкент метрополитени 23 та бекатига жами 69 дона махсус электрон пандус қурилмалари ўрнатилган бўлиб, шундан 38 таси ишга туширилган ҳолда техник синовдан ўтказилмоқда.
Қолган қурилмаларда эса ўрнатиш, созлаш ҳамда синовдан ўтказиш ишлари давом этмоқда. Мазкур лойиҳа Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг” компанияси буюртмаси асосида амалга оширилмоқда. Лойиҳа пудратчи ташкилоти сифатида эса “Технопарк” МЧЖ фаолият юритмоқда.
Мониторинг давомида ҳозирда ишга туширилган электрон кўтаргич пандусларда ҳам камчиликлар мавжуд эканлиги аниқланди. Барча қурилмаларнинг тўлиқ ўрнатиб бўлинмаганлиги, қурилиш-монтаж ҳамда созлаш ишлари якунига етказилмаганлиги кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан буюртмачи ва пудрат ташкилотларига тегишли сўров юборилиб, идора раҳбарларининг бевосита иштирокида жамоатчилик эшитуви ўтказилиши белгиланди. Мониторинг давомида Тошкент метрополитенидан фойдаланувчи йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида бекатларда ташкил этилган она ва бола хонаси ҳамда ҳожатхоналар фаолияти кўздан кечирилди.
Шунингдек, кенгаш аъзолари метрополитен бекатларида биринчи ёрдам қутичалари мавжудлиги ва ходимларининг биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларига, ишчи ходимларга яратилган меҳнат шароитлари билан яқиндан танишди.







