Янги Бухоро халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш ва бошқарувга бериш лойиҳаси бўйича тендернинг биринчи босқичи якунланди
2026-06-15 17:00:00 / Янгиликлар

Тақдим этилган барча дастлабки малака аризалари кўриб чиқилгач, Идоралараро тендер комиссияси томонидан дастлабки малака босқичидан (RFQ) ўтган талабгорлар рўйхати тасдиқланди.
Қайд этиш лозимки, мазкур босқич давомида Буюк Британия, Ирландия, Дания, Испания, Италия, Швейцария, Белгия, Польша, Албания, Туркия, Озарбайжон, Россия, Украина, Қозоғистон, Канада, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Қувайт, Баҳрайн, БАА, Қатар каби мамлакатлар компаниялари ва маҳаллий корхоналардан 51 нафари лойиҳага қизиқиш билдирди.
Техник, ҳуқуқий ва молиявий қисмлардан иборат уч босқичли баҳолаш якунлари бўйича Идоралараро тендер комиссияси томонидан дастлабки малака босқичидан (RFQ) ўтган 6 нафар халқаро компаниялар қисқа рўйхати шакллантирилиб, тендернинг иккинчи босқичи - таклифлар сўровида (RFP) қатнашишларига рухсат берилди.
Янги Бухоро халқаро аэропортини ДХШ шартлари асосида қуриш ва бошқарувга бериш лойиҳаси “Uzbekistan Airports” АЖ томонидан Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда мамлакат транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга хусусий инвестицияларни жалб этиш стратегик устуворликлари белгилаб берилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 августдаги “Ўзбекистон Республикасида 2024–2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-308-сон қарори асосида амалга оширилмоқда.

