Мурожаатлар ижро ҳолати Жамоатчилик кенгаши назоратида
2026-06-10 12:00:00 / Янгиликлар

Кенгаш раиси Сайёра Ходжаева раҳбарлигида ўтказилган йиғилиш кун тартибига мувофиқ, Транспорт вазирлигига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатлар билан ишлаш ҳолати атрофлича муҳокама этилди.
Барчага маълум мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида давлат органлари раҳбарларининг аҳоли билан очиқ мулоқоти, уларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиши ҳамда амалий ечимлар топишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” тамойили асосида транспорт соҳасида ҳам мурожаатларни манзилли кўриб чиқиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш ва такрорий мурожаатларнинг олдини олиш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими мазкур жараёнлар устидан таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилганлиги алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, йиғилишда Транспорт вазирлигига 2026 йилнинг ўтган беш ойи давомида келиб тушган жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари ҳамда уларнинг кўриб чиқилиш ҳолати юзасидан Мурожаатлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Қурбонбой Тахиров ҳисоботи эшитилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, мурожаатлар билан ишлаш фақат ҳисоботлар ёки расмий кўрсаткичлар билан эмас, балки аниқ натижа ва инсон тақдиридаги ҳамда жойлардаги ижобий ўзгаришлар билан баҳоланади.
Шу нуқтаи назардан, Жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлаш жараёнида ижтимоий тармоқларда ҳамда ОАВ ва жамоатчилик фаоллари томонидан кўтарилаётган масалаларга ҳам алоҳида аҳамият қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Мазкур мурожаатларда кўтарилган масалаларнинг ижроси бўйича бевосита соҳавий ташкилотлар раҳбарлари иштирокида жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш белгиланди.
Кенгаш аъзолари томонида транспорт хизматларини кўрсатувчи соҳавий ташкилотларда йўловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш юзасидан аэропорт, темир йўл вокзаллари, автовокзал, автостанциялар, метрополитен ҳамда шаҳар автобусларида жамоатчилик назорати тадбирларини ўтказиш режа-графиги тасдиқланди.
Йиғилиш давомида Жамоатчилик кенгаши таркибини қайта кўриб чиқиш масаласи ҳам муҳокама этилди. Кенгаш фаолияти самарадорлигини янада ошириш, унинг таркибига соҳа мутахассислари ва фаол жамоатчилик вакилларини жалб этиш бўйича таклифлар билдирилди ҳамда муносиб номзодлар кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, Жамоатчилик кенгаши фаолиятининг 2026 йил дастлабки беш ойи сарҳисоб қилиниб, 2026 йил иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режаси муҳокамаси ўтказилди ҳамда аниқ вазифалар ва амалий тадбирлар кетма-кетлиги белгилаб олинди.
Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.







