Кичкинтойлар учун унутилмас саёҳат
2026-06-01 13:00:00 / Янгиликлар

Янги Ўзбекистонда ҳам ўғил-қизларимиз ана шундай меҳр-муҳаббат, улкан ғамхўрликлар оғушида вояга етмоқда.
Мамлакатимиз бўйлаб 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этилаётган турли байрам тадбирларида ҳам асосий эътибор эртамиз эгаларининг имконият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг вақтини мазмунли ва мароқли ташкил этишга қаратилмоқда.
Сана муносабати билан Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳамда бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси томонидан вазирлик ҳамда унинг тизим ташкилотлари ходимлари фарзандлари учун экскурсия ташкил этилди.
Экскурсия доирасида болажонлар Тошкент халқаро аэропортининг маҳаллий терминалида АТР-72, Л-410 самолётлари ҳамда Airbus H-130 вертолёти, шунингдек, Ҳаводаги ҳаракатни бошқариш автоматлаштирилган тизимининг Тошкент Маркази ва бошқарув минораси фаолияти билан яқиндан танишди.
Миллий авиакомпания ўқув-машқ маркази тренажёр мажмуасидаги “Ил-114-100”,“А-320”, “Boeing – 767” самолётларининг мукаммал “Full-flight” симуляторлари айниқса болажонларда катта таассурот қолдирди.
Экскурсия давомида болажонлар авиация олами билан яқиндан танишибгина қолмай, келажакда шу соҳа эгаси бўлишга илҳомланишди.









