Уч авлод учрашуви
2026-05-08 16:00:00 / Янгиликлар

Қуролли Кучлар давлат музейида ташкил этилган тадбир аввалида сўз олганлар Хотира ва қадрлаш кунининг мазмун-моҳияти, мамлакатда инсон қадри, устозларга ҳурмат ва тарихий хотирани эъзозлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Тадбир давомида жанговар ҳаракатларда иштирок этган соҳа фахрийлари ёшлар билан учрашиб, ўз хотиралари, ҳаётий тажрибаси, Ватанга садоқат ва матонат ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари мамлакатимиз қуролли кучлар тарихи, ҳарбий хизмат, жанговар тайёргарлик ҳамда ҳарбий экспонатлар билан яқиндан танишди.
Фахрийлар, соҳада узоқ йиллар хизмат қилган нуронийларнинг ҳаётий тажрибасини ёш авлодга етказиш, уларда ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбир, айниқса, кейинги авлод вакиллари учун мазмунан бой ва унутилмас учрашув бўлди.
Фахрийлар билан бўлган мулоқот нафақат эҳтиром ва эътибор, балки халқимизнинг миллий қадриятларидан бири бўлган кексаларни улуғлаш, устозларга ҳурмат кўрсатиш анъанасини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Бундай учрашувлар авлодлар ўртасидаги узвийликни таъминлаб, касбга бўлган муҳаббат ва садоқатни мустаҳкамлайди. Тадбир сўнгида вазирлик бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси томонидан фахрийларга эсдалик совғалари топширилди.








