Ўзбекистон ва Гонконг авиақатновларни ривожлантиради
2026-05-08 15:00:00 / Янгиликлар

Музокаралар давомида авиация ҳукуматлари Ўзбекистон ва Гонконг ўртасида тўғридан-тўғри йўловчи ташиш авиақатновларини йўлга қўйиш, амалдаги юк ташиш қатновлари ҳажмини ошириш, шунингдек, Ўзбекистондан Гонконг ва Европа боғловчи ҳаво кўприги сифатида фойдаланишни янада маддалаштириш механизмларини муҳокама қилишди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Гонконг авиация ҳукуматларининг илк учрашуви 2024 йил 21-25 октябрь кунлари Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти ICAOнинг “ICAO Air Services Negotiation Event-ICAN 2024” тадбири доирасида ташкиллаштирилган эди.
Мазкур учрашувда ICAO талаблари ва халқаро стандартлари (Чикаго конвенциясининг 83-моддаси, ICAO Doc 9587, Doc 6685 ва Doc 9511) ҳамда амалдаги миллий қонунчилик талабларига мувофиқ, икки давлат ўртасида авиақатновлар тўғрисидаги битим лойиҳаси матнини ишлаб чиқиш, бошланғич босқичда 2024 йилдан бошлаб чартер асосида авиақатновларни йўлга қўйиш, юк ва йўловчи оқими шакллантириш орқали битим имзолаш учун талабни яратишга келишилган ҳамда тегишли ҳужжат имзоланган эди.
Маълумот учун: 2024 йилда Гонконг томони билан эришилган келишувдан сўнг Aerologic (Германия), Air Atlanta Icelandic (Исландия), Centrum Air (Ўзбекистон), Ethiopian Airlines (Эфиопия), Fly Khiva (Ўзбекистон), GeoSky (Грузия), MNG Airlines (Туркия), National Air Cargo (АҚШ), One Air Limited (Буюк Британия), Silkway West Airlines (Озарбайжон), Sky Guard (Ўзбекистон), South African Consultancy (ЖАР), Spacebee Airlines (Ўзбекистон), Turkish Airlines (Туркия), Uzbekistan Airways (Ўзбекистон), СMA CGM Air Cargo (Франция), Air Belgium SA (Белгия), European Air Transport (Германия), Hong Kong Air Cargo (Гонгконг) авиакомпанияларига Ўзбекистоннинг Тошкент, Наманган ва Навоий халқаро аэропортларига ва ушбу аэропортлар орқали учинчи давлатлар шаҳарларига (Грузия, Озарбайжон, Европа, Яқин Шарқ, Африка, Америка давлатлари) 5-ҳаво эркинлигида чартер асосида юк ташиши бўйича бир қатор рухсатномалар берилди. Натижада 2025 йилда икки давлат ўртасида 630 та, 2026 йилнинг январь-апрель ойларида 296 та Ўзбекистонга ҳамда учинчи давлатларга трансфер юк ташув авиақатновлари амалга оширилди. Мазкур авиақатновлар юқорида қайд этилган мунтазам авиақатновларни бошлаш учун тегишли битим лойиҳасини ишлаб чиқиш ва имзолаш учун замин яратди.
Музокаралар жараёнида Ўзбекистон томонидан тайёрланган икки давлат ўртасида авиақатновлар тўғрисидаги битим лойиҳасининг матни Гонконг томонига тақдим этилди, жорий йил июнь ойи якунига қадар Гонконг томонидан битим лойиҳасини кўриб чиқиб парафирлаш ва имзолаш учун тайёрлашга келишилди.
Музокаралар якунида давлатлараро битим имзоланганига қадар икки давлат ўртасида тайинланган авиакомпаниялар томонидан чартер асосида мунтазам йўловчи ва юк ташиш авиақатновларини йўлга қўйиш, иккитомонлама манфаатларга мос келувчи паритетлар асосида 5-ҳаво эркинлигида парвозларга рухсат бериш, юк ташиш бўйича 7-ҳаво эркинлигини бериш ҳуқуқларини битим имзоланганига қадар кўриб чиқиш, 3 ва 4- ҳаво эркинлигида чекланмаган миқдорда йўловчи ва юк ташиш парвозларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи келишув имзоланди.
Ташриф давомида Ўзбекистон авиация ҳукумати вакиллари “Hong Kong International Aviation Academy” авиация академиясига ташриф буюрди ва унинг ўқув маркази инфратузилмаси билан танишди.
Hong Kong International Aviation Academy 2016 йилда ташкил этилган бўлиб, шу кунга қадар 418 мингдан ортиқ битирувчиларни чиқарган. Академия Ҳаво ҳаракатини бошқариш, Аэропорт операциялари ва инқирозларни бошқариш, Авиация хавфсизлиги, Учувчилар ва авиация муҳандислиги йўналишида мутахассисларни тайёрлайди. Мутахассисларни тайёрлаш жараёни қисқа муддатли курслар, бакалавр ва магистр йўналишларида амалга оширилади. Бундан ташқари академия авиация соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан консалтинг хизматларини ҳам кўрсатиб келади. Академия консалтинг ва ўқув хизматлари географияси бўйича Осиё ва Африканинг 16 та давлатларига хизмат кўрсатиб келади.
Мазкур академия раҳбарияти билан бўлиб ўтган музокаралар якунида “Hong Kong International Aviation Academy” билан йилига 2 тадан Ўзбекистонлик авиация мутахассисларини академия томонидан тақдим этиладиган грантлар асосида “Ҳаво транспортини бошқариш ва Авиация хавфсизлигини бошқариш” йўналишларида магистратура босқичида ўқитишга келишилди.

