Транспорт вазирлигининг ахбороти эшитилди
2026-05-07 11:00:00 / Янгиликлар

Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 10 декабрдаги “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Жумладан, 2030 йилга қадар мамлакатимизда яширин иқтисодиёт улушини босқичма-босқич қисқартириш бўйича вазирлик олдида турган вазифалар, нақд пулсиз тўловлар ҳажмини кенгайтириш, аҳоли бандлигини ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга қаратилган устувор йўналишлар бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, соҳада шаффофликни таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри жамоат транспорти ҳамда Метрополитенда йўл ҳақи тўловлари нақд пулдан воз кечилиб, тўлиқ электрон тўлов жорий қилинган. Натижада автобус йўналишида йўловчи оқими 2024 йилга нисбатан 26 фоизга, пул тушими 16 фоизга кўпайди. Йўловчи ташишлар умумий ҳажмида жамоат транспортининг улуши 18 фоиздан 38,5 фоизга етказилди.
Вазирлик томонидан “E-Logistika” ахборот тизими доирасида соҳага оид муҳим технологик ечимлар ҳам амалга оширилган. Мазкур тизим юк ташиш соҳасидаги муносабатларни самарали тартибга солиш, хизматлар бозорининг шаффофлигини таъминлаш ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантиришга қаратилган.
Эшитувда ушбу платформа орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан онлайн буюртмалар бериш, шартномалар тузиш ҳамда тўловларни амалга ошириш имкониятлари яратилгани айтилди. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан тўлов миқдорини мустақил белгилаш, кўрсатилган хизматлар сифатини баҳолаб бориш имкониятлари йўлга қўйилаётгани урғуланди.
Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан автотураргоҳлар фаолиятини рақамлаштириш, электрон юк хатларини жорий этиш ва ички юк ташишларни фақат электрон платформалар орқали амалга оширишга доир саволлар кўтарилди.
Шунингдек, транспорт соҳасида соғлом рақобат муҳитини янада жонлантириш, қонуний ишлаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш чораларини кенгайтириш, соҳада кўрсатилаётган хизматлар сифати назоратини кучайтириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилди.
Депутатлар томонидан жорий йилда ҳудудларнинг марказий шаҳарларидаги брутто-шартнома йўналишларида йўл ҳақини тўлашни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, электрон тўлов тизимини оммалаштириш, “Э-Логистика” тизимини тўлиқ ишга тушириб, доимий такомиллаштириб бориш, ички юк ташувларида яширин иқтисодиёт улушини янада камайтириш борасида тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Йиғилишда соҳада яширин иқтисодиётни қисқартириш юзасидан доимий ҳамкорлик ва парламент назоратини ўрнатишга келишиб олиниб, кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.



