Транспорт университети Shenzhen Polytechnic University билан стратегик ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
2026-04-27 11:00:00 / Янгиликлар

Учрашувда Хитой томондан Партия қўмитаси котиби Хэ Ли, проректорлар Дун Чжуцзун ва Ван Фэн, шунингдек халқаро ҳамкорлик бошқармаси раҳбари Ся Цзингуй иштирок этди. Ўзбекистон томонидан эса Тошкент давлат транспорт университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори профессор Баҳодир Тураев ҳамда Хитой йўналиши бўйича координатор Мелике Башбинар қатнашди.
Музокаралар натижасида икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган келишув имзоланди. Келишувга мувофиқ, бакалавриат босқичида транспорт воситалари муҳандислиги (янги энергия манбалари асосида) ҳамда авиация инжиниринги, хусусан учувчисиз учиш аппаратлари йўналишларида қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, нодиплом таълим йўналишида ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, Тошкент давлат транспорт университети ҳузуридаги Оқолтин тумани техникумида “Хитой тили + профессионал кўникмалар” модели асосида қўшма дастурларни жорий этиш белгиланди.
Мазкур ташаббус доирасида Ўзбекистонда фаолият юритаётган йирик хитой компаниялари учун малакали кадрлар тайёрлаш кўзда тутилган бўлиб, автомобиль транспорти муҳандислиги, электроника, ахборот технологиялари ва энергетика йўналишлари устувор этиб белгиланди.
Хусусан, BYD, Huawei каби компаниялар учун замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш асосий мақсадлардан бири сифатида қайд этилди. Шунингдек, 2026–2027-ўқув йилидан бошлаб Хитой томони томонидан 400 нафаргача талабани қабул қилиш режалаштирилаётгани ушбу ҳамкорликнинг кенг кўламини яққол намоён этади.
Мазкур келишув Тошкент давлат транспорт университетининг халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш, илғор хорижий тажрибани таълим жараёнига жорий этиш ҳамда юқори малакали, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш йўлидаги муҳим стратегик қадам сифатида эътироф этилмоқда.



