Туркий давлатлар ташкилоти транспорт вазирларининг 9-йиғилиши бўлиб ўтди
2026-04-24 15:00:00 / Янгиликлар

Йиғилишда вазирлар транспорт коридорларини ривожлантириш, юкларнинг чегаралар орқали тўсиқсиз ҳаракатини таъминлаш, транзит жараёнларини соддалаштириш ҳамда соҳада рақамли технологияларни жорий этиш масалаларини муҳокама этишди.
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илҳом Махкамов йиғилишда сўзлаган нутқида Марказий Осиёнинг тарихан Шарқ ва Ғарбни боғловчи муҳим ҳудуд сифатида шаклланганини, бугунги кунда эса мазкур салоҳият замонавий транспорт ва логистика тизимлари орқали янги босқичга чиқаётганини қайд этиб, транспорт соҳаси нафақат инфратузилма, балки иқтисодий ўсиш ва минтақавий ўзаро боғлиқликнинг асосий омили эканига урғу берди.
Вазир транспорт соҳасини рақамлаштириш масаласига алоҳида тўхталиб, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида “e-Permit” тизимининг жорий этилгани халқаро амалиётда муҳим қадам бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, “e-CMR” тизимини жорий этиш орқали ягона рақамли транспорт маконини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга эканини билдирди.
Шунингдек, И.Махкамов замонавий шароитда барқарор ва самарали транспорт йўлакларини ривожлантириш зарурлиги таъкидлаб, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаси ушбу жараёнда бутун минтақа учун стратегик аҳамиятга эга экани қайд этди. Ушбу йирик инфратузилма лойиҳаси транспорт тармоқларини диверсификация қилиш ва янги бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилишини билдирди.
Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар бўйича ТДТга аъзо мамлакатларнинг умумий позициясини акс эттирувчи қўшма коммюнике қабул қилинди ҳамда “e-CMR” тизимини жорий этиш бўйича меморандум имзоланди.








