Тошкентда IATA ваколатхонаси очилди
2026-04-21 14:00:00 / Янгиликлар

IATA авиация соҳасининг давлат органлари, регуляторлар ва маҳаллий бозор иштирокчилари билан ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштиришда муҳим роль ўйнайдиган минтақавий ва ваколатхона офислари глобал тармоғини ривожлантиришда давом этмоқда. Ушбу офиснинг очилиши IATA ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасидир.
Ваколатхона расмий очилиш маросимида IATAнинг Европа бўйича минтақавий витсе-президенти Рафаэл Шварсман, Марказий Осиё бўйича минтақавий менежери Ризвон Сиддиқий, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Махкамов ҳамда Ўзбекистон авиация маъмурияти вакиллари, аэропортлар ва авиакомпаниялар раҳбарлари иштирок этишди.
Тадбирда IATAнинг Европа бўйича минтақавий витце-президенти Рафаэл Шварцман ушбу офиснинг очилиши ассоциация экспертларининг авиакомпаниялар ва аэропортлар учун янада очиқ бўлишини таъминлаб, глобал стандартларнинг жорий этилишига кўмаклашишини таъкидлади. Шу билан бирга, ташкилот жорий йил охиригача мамлакатда BSP (Billing and Settlement Plan — BSP) жорий этишга тайёргарлик кўраётганини маълум қилди. Бу авиация соҳасидаги молиявий ҳисоб-китобларни рақамлаштиришда муҳим қадам бўлади.
Унинг таъкидлашича, IATAнинг мамлакатдаги иштироки ва BSP тизимининг жорий этилиши парвозлар хавфсизлиги ҳамда операцион самарадорликни ошириш орқали соҳа ривожини кучайтиради.
Тадбирда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов шахсан давлат раҳбарининг эътибори туфайли мамлакатимизда авиация соҳаси юқори суръатлар билан ривожланаётгани таъкидлаб, Ўзбекистон авиация бозорини либераллаштириш ва миллий авиакомпанияларни ривожлантириш йўналишидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилиши ҳамда бу жараёнда халқаро тузилмалар билан ҳамкорлик муҳим аҳамият эга эканлигини қайд этиб ўтди.
IATA маълумотларига кўра, маҳаллий ва минтақавий офислар авиакомпаниялар манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳавий ҳамкорликни таъминлаш ҳамда муайян мамлакатлар ва минтақаларда авиация тизимлари самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилади. Тармоқ дунёнинг 52 мамлакатидаги 57 та офисни ўз ичига олади.
Бундай ваколатхоналар фаолиятининг асосий йўналиши миллий регуляторлар ва авиация маъмуриятлари билан ҳамкорлик қилишдан иборат. IATA маъмурий тўсиқларни камайтириш ва авиаташувчилар учун янада башорат қилинадиган муҳитни таъминлаш мақсадида солиқ сиёсати, аэропорт йиғимлари ва тартибга солиш меъёрлари муҳокамасида иштирок этади.
Ассоциация Ўзбекистонни ўзининг географик жойлашуви туфайли келажакдаги минтақавий авиация маркази (хаби) сифатида кўрмоқда. IATA башоратларига кўра, 2024–2050 йиллар оралиғида мамлакатда йўловчи-километр кўрсаткичи ўртача 3,3 фоизга ўсади ва бу жаҳон кўрсаткичидан юқоридир.
Соҳани ривожлантиришнинг асосий шартлари сифатида халқаро стандартларга мувофиқлик, жумладан, IOSA эксплуатацион хавфсизлик аудити дастурини жорий этиш, Тошкент, Бухоро ва Урганч шаҳарларидаги аэропортлар инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, авиакомпаниялар эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда унинг иқтисодий самарадорлигини таъминлаш каби вазифалар белгиланган.






