Миллий ташувчилар диққатига
2026-04-17 17:00:00 / Янгиликлар
Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ўтказилган дастлабки ўрганишлар натижаси юзасидан Транспорт вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.
2026 йилдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Хитой Халқ Республикаси Транспорт вазирлиги билан ҳамкорликда автомобиль транспортида халқаро юк ташувлари соҳасида электрон рухсатнома бланкалари (E-permit) тизимини муваффақиятли жорий этди.
E-permit тизимининг жорий этилиши жараёнларни рақамлаштириш, шаффофликни ошириш ҳамда халқаро ташувлар самарадорлигини кучайтиришга қаратилган. Ҳозирги кунда ўзбек миллий ташувчилари ушбу йўналишда барқарор ўсиш ва юқори салоҳиятни намоён этмоқда.
Айни дамда E-permit тизими билан бир қаторда Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой транспорт коридори бўйича анъанавий қоғоз шаклидаги рухсатнома бланкалари ҳам амалда қўлланилмоқда.
⚠️ Ўрганишлар жараёнида Ўзбекистон – Хитой йўналишидаги электрон рухсатномалар (E-permit) ҳамда Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой коридори бўйича қоғоз шаклидаги рухсатнома бланкалари (дозвол) серия рақамларининг бир-бирига ўхшаш (бир хил) эканлиги билан боғлиқ форс-мажор ҳолати юзага келганлиги ойдинлашди. Мазкур рухсатнома бланкаларини чиқариш учун масъул 2026 йилда раислик қилувчи Хитой томони эканлигини билдирамиз.
Қўшимча равишда маълум қиламизки, икки томонлама электрон рухсатномалар (Э-пермит) қуйидаги форматдаги серияга эга:
UZ-CN-2026-C-XXXX (уникал рақам).
Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой йўналиши бўйича қоғоз шаклидаги рухсатнома бланкалари (дозвол) фақат рақамли кўринишда бўлиб, ҳарфли серияга эга эмас.
Айнан божхона органида ҳужжатларни текшириш жараёнида Хитой электрон рухсатнома бланкаси (E-permit)нинг тўлиқ серия рақамлари билан тизимга киритилмаганлиги натижасида форс-мажор ҳолати юзага келган. Яъни E-permit уникал рақами Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой йўналиши бўйича ишлатиб бўлинган қоғоз шаклидаги рухсатнома бланка рақами билан бир хил бўлиб чиққан. Натижада тизим электрон рухсатнома (E-permit) ишлатиб бўлинган деган хулосани берган.
Айни дамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Хитой ваколатли органлари билан ҳамкорликда ушбу вазиятни қисқа муддатларда бартараф этиш чораларини кўрмоқда.
Юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликлар ва чегара ўтиш жараёнидаги кечикишларнинг олдини олиш мақсадида халқаро юк ташувчи транспорт воситалари ҳайдовчиларига чегара ва божхона органлари ходимларига мурожаат қилиб, рухсатнома ҳужжатларининг тўлиқ серия рақамларини тизимга киритиш ва текширишни сўраш тавсия этилади.
