“Ёшлар куни” доирасида долзарб мавзуларга бағишланган давра суҳбати ўтказилди
2026-04-16 16:00:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ижобий ўзгаришлар замирида ҳар томонлама баркамол, жисмонан соғлом, ақлан етук, мустақил ва ижодий фикрлашга қодир, интеллектуал салоҳияти юксак ёш авлод тўғрисида ғамхўрлик қилиш устувор вазифа.
Айнан ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида ҳафтанинг ҳар пайшанба куни вазирлик ва идораларда “Ёшлар куни” этиб белгиланган.
Жорий йилнинг 16 апрель куни Транспорт вазирлиги марказий аппарати мажлислар залида вазир ўринбосари И.Абдугафаров, Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ИИОФМБ (ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими) катта лейтенанти Б.Халилов ҳамда жиноят қидирув бўлими бўлинма бошлиғи, катта лейтенант У.Нурматов иштирокида “Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Транспорт вазирлиги марказий аппарати ҳамда ҳудудий бошқармаларида фаолият юритаётган ходимлар ва ёшлар иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбатида тадбир меҳмонлари мавзу юзасидан сўзга чиқиб, мамлакатимизда қонунчилик тизимидаги ўзгаришлар, жиноятчиликнинг келиб чиқиш сабаблари, ёшлар орасида жиноятчилик, гиёҳвандлик ва бошқа салбий иллатларни олдини олиш бўйича маърузалари тингланди.
Тадбир давомида “Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз”, “Терроризм ва диний экстремизм – давр муаммоси” ҳамда “Наркоманияга қаршимиз” мавзуларида тадбир иштирокчилари билан атрофлича фикр алмашилди.
Самимий ва очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбир ёшлар онгида ҳуқуқий маданиятни ошириш, уларни турли таҳдид ва хатарлардан огоҳ этиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этди.








