Ислом цивилизацияси маркази – учинчи ренессанснинг мустаҳкам пойдевори
2026-04-14 12:00:00 / Янгиликлар

Пойтахтимизда барпо этилган муҳташам мажмуа Ислом цивилизацияси маркази Ватанимизнинг маънавий қудрати, илм-фан ва маърифатига бўлган юксак эътиборнинг ёрқин ифодаси сифатида халқимиз учун бебаҳо туҳфа бўлди.
Архитектуранинг ўзиёқ инсонни ҳайратга соладиган бу марказ миллий қадриятлар ва замонавий ёндашув уйғунлигини ўзида мужассам этган. Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир меҳмон динимизнинг асл ғоялари тинчлик, бағрикенглик ва эзгулик руҳини янада теранроқ ҳис этади.
Мажмуа нафақат озининг бой меъморий ечимлари билан балки озидаги юксак маънавий хазина билан ҳам ташриф буюрувчилар эътиборини тортмоқда. Транспорт вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари ходимлари ҳам Ислом цивилизацияси марказида бўлди.
Ташриф давомида иштирокчилар марказда яратилган замонавий шароитлар, бой тарихий экспозициялар ҳамда инновацион технологиялар асосида ташкил этилган кўргазмалар билан яқиндан танишдилар. Хусусан, исломдан аввалги ва ислом даврига оид ноёб қўлёзмалар, тарихий манбалар ва бебаҳо артефактлар катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, “Рақамли экспозициялар”, “Виртуал кўргазмалар”, “Вақт капсулалари” ҳамда “Цивилизациялар ва кашфиётлар деворлари” каби интерактив лойиҳалар намойиш этилди.
Мазкур ташриф аждодларимизнинг бой илмий ва маданий меросини чуқурроқ англаш, ислом цивилизациясининг юртимиз тарихидаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш ҳамда иштирокчиларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини янада бойитишга хизмат қилди.




