Евроосиё минтақасининг транспорт-логистика архитектурасини сифат жиҳатидан ўзгартиришга қаратилган устувор ташаббуслар
2026-04-02 12:00:00 / Янгиликлар

“Халқаро транспорт коридорлари: интеграция ва узлуксиз логистика занжири” мавзусидаги пленар сессияда транспорт вазири Илҳом Махкамов Ўзбекистон Евроосиёнинг янги транспорт архитектурасини шакллантиришда кенг шериклик учун очиқлиги ва ишончли бўғин бўлишга тайёрлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шу нуқтаи назардан И.Махкамов ўз нутқи давомида минтақанинг транспорт-логистика архитектурасини сифат жиҳатидан ўзгартиришга қаратилган қатор устувор ташаббусларни илгари сурди.
Биринчидан. Бозорнинг барча иштирокчилари учун етук рақамли ечимлар муҳимлигини англаган ҳолда Ўзбекистон минтақадаги ҳамкорларга ўзининг синовдан ўтган E-Permit технологик платформасини тақдим этишга тайёр.
Мазкур тизим электрон ҳужжат айланишининг ягона трансконтинентал тармоғини яратиш учун асосий пойдевор сифатида хизмат қилиши мумкин. Бу қисқа муддатда миллий тизимларни ўзаро уйғунлаштириш ва рақамли ишончга асосланган маконни шакллантириш имконини беради.
Иккинчидан. Ўзбекистон бутун Евроосиё маконида E-Permit, E-TIR ва e-CMR тизимларининг тўлиқ интеграциялашувини таъминлаш тарафдори. Бизнинг стратегик мақсадимиз "маълумотлар юкдан олдин" тамойилини жорий этишга қаратилган бўлиши керак дея таъкидлади И. Махкамов.
Электрон кузатув ҳужжатларидан кенг фойдаланиш ва интеллектуал мониторинг божхона операцияларини тўлиқ автоматлаштириш, инсон омили таъсирини ва ҳужжатлар айланишига рухсатсиз аралашиш хавфини истисно қилиш имконини беради.
Учинчидан. Товар айирбошлашнинг жадал ўсиши шароитида транзит декларациялари ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларни ўзаро тан олиш механизмига ўтиш.
Мамлакатларимиз божхона маъмуриятлари ўртасида "тўлиқ ишонч" режимининг жорий этилиши бизнеснинг операцион харажатларини кескин камайтириш ва давлат чегараларини тўсиқлардан ҳоли юк оқимларини ўтказишнинг юқори технологик каналларига айлантириш имконини беради.
Тўртинчидан. Халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро мувофиқлашган ҳуқуқий стандартлар ва тариф сиёсатини бирхиллаштириш.
Фақат тизимларимизнинг ҳуқуқий ва техник мувофиқлигини таъминлаган ҳолда, биз бизнесга "эшикдан-эшиккача" тамойили бўйича барқарорлик ва таъминот хавфсизлигини кафолатлай оламиз – деди И.Махкамов.







