Жанубий Кореянинг Чеджу шаҳрида 13-чи халқаро электр мобиллик Форуми бўлиб ўтмоқда
2026-03-25 16:00:00 / Янгиликлар

Бугун форум доирасида ташкил этилган “Рақамлаштириш трансформацияси даврида электр мобиллик келажаги ва яшил транспортга ўтиш жараёнида сунъий интеллектни қўллаш” пленар сессияси ишида Илхомжон Абдугафаров спикер сифатида иштирок этди.
Вазир ўринбосари ўз нутқида мамлакатимиз транспорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан жамоат транспортини модернизация қилиш, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ва экологик тоза транспорт турларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Жумладан, транспорт соҳасида рақамли платформаларни жорий этиш, хизматларни онлайн кўринишга ўтказиш, ташувчилар фаолиятини мониторинг қилиш ва назорат қилиш тизимларини такомиллаштириш, шунингдек, жамоат транспорти хизматлари сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот тақдим этилди.
Шу билан бирга, электр транспорт воситаларини жорий этиш, атмосферага чиқариладиган зарарли моддаларни камайтириш, яшил транспортга босқичма-босқич ўтиш бўйича миллий стратегия ва режалар ҳақида ҳам иштирокчиларга маълумот берилди.
Жорий йилнинг 27 март кунига қадар давом этадиган форум ишида Хитой, Япония, Ҳиндистон, Индонезия, Малайзия, Сингапур, Таиланд, Янги Зеландия ва Жанубий Корея, Бруней, Филиппин, Непал, Шри-Ланка каби 30 дан ортиқ давлатларнинг транспорт, қурилиш ва ахборот технологияларига ихтисослашган компаниялари раҳбарлари иштирок этишмоқда.
“Осиё минтақасида электр транспорт, яшил энергетика ва келажак мобиллик технологиялари” мавзусига бағишланган мазкур тадбир электрон мобиллик соҳасида глобал ҳамкорликни ривожлантириш, давлат ва хусусий сектор ўртасидаги мулоқотни кучайтириш, инновацион технологияларни намойиш этиш, инвестиция ва B2B алоқаларни кенгайтириш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
