Бухоро аэропортини ДХШ асосида қуриш ва бошқариш бўйича тендер эълон қилинди
2026-03-11 18:00:00 / Янгиликлар

Лойиҳа Бухоро туманидаги "Қумсултон" массиви ҳудудида янги аэропорт мажмуасини барпо этишни назарда тутади. Янги аэропорт ҳам ички, ҳам халқаро рейсларга хизмат кўрсатади ва минтақанинг асосий транспорт узелларидан бирига айланади.
2025 йил якунларига кўра, Бухоро халқаро аэропорти 574 036 нафар йўловчига хизмат кўрсатган бўлиб, йўловчи оқимининг асосий қисмини халқаро рейслар ташкил этди.
Лойиҳа доирасида қуйидагиларни барпо этиш режалаштирилган:
Майдони 48 500 м² бўлган йўловчи терминали. Бунда терминалнинг ўтказиш қуввати халқаро рейсларда соатига 1 200 йўловчи, ички рейсларда эса 400 йўловчини ташкил этади;
Кейтеринг биноси, автотураргоҳлар ва юкларга хизмат кўрсатиш майдонлари;
Сиғими 8 000 м³ бўлган ёқилғи қуйиш мажмуаси.
Аэродром инфратузилмаси давлат бошқарувида қолади. Хусусий шерик эса йўловчи терминали ва унга тегишли инфратузилмани қуриш ҳамда ундан фойдаланиш учун масъул бўлади.
Тендерда иштирок этиш учун шу каби лойиҳаларни амалга оширишда тажрибага эга барча манфаатдор компаниялар таклиф этилади.
Батафсил маълумот олиш учун:
Электрон почта: tender.info@uzairports.com
Телефон: (+998) 55 501 47 47 (ички рақамлар: 4598, 4617)


