Саудия Арабистони ва БААга икки томонлама йўловчи ташувларига рухсат этилди
2026-03-10 23:00:00 / Янгиликлар
Бундан олдин йўловчи тури ва фуқаролиги бўйича қўйилган чекловлар бекор қилинади.
Саудия Арабистони Подшоҳлигига амалга оширилаётган парвозларда, умра мавсуми ниҳоясига етаётганлиги ва «Ҳаж – 2026» мавсумидан олдин барча "Умра" зиёратчилари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ мамлакатдан чиқиб кетиши шартлигини инобатга олган ҳолда:
“Uzbekistan Airports” АЖ Саудия Арабистонига парвоз қилаётган барча турдаги йўловчиларни ортга қайтиш чиптаси борлигини текшириш, ортга қайтиш авиачиптасига эга бўлмаган йўловчилар рўйхатини авиакомпаниялар ва туроператорлар кесимида шакллантириб ҳар куни иш сменалари тугаши билан "Ўзавиация" агентлигидаги Штабга киритиб бориши лозим.
Барча резидент ва хорижий авиакомпаниялар Саудия Арабистонига амалга ошириладиган парвозларда "Умра" зиёратчиларини ташиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 668-сон қарор талаблари асосида амалга оширилишини ва "Умра" зиёратчиларини ташиш ишларини фақатгина Диний ишлар бўйича қўмитадан тегишли лицензия олган туроператорлар билан амалга оширилишини;
«Умра» зиёратчиларини ташиш бўйича туроператорлар шартномаларда «бориш ва келиш парвозлари қайси авиакомпания томонидан бажарилишидан қатъий назар ҳар бир йўловчига алоҳида бориш-келиш авиачиптасини топшириш мажбуриятини туроператор зиммасига юклатилишини»;
Парвозларда овоз кучайтиргич орқали йўловчиларга туроператорлар ва турагентлар томонидан «Умра» ва «Тур» пакетлари таркибида йўловчиларнинг қўлига бориш-келиш авиачипталари, меҳмонхоналар, трансферлар ва овқатланиш учун ваучерлар, шунингдек, суғурта полислари нусхалари тақдим этилиши лозимлиги, ушбу ҳужжатларни олмаган йўловчилар қўнганидан сўнг ўз туроператорлари ва турагентлари билан боғланиб ушбу маълумотларни талаб қилишлари лозимлиги, шунингдек, ортга қайтиш рейсига рўйхатдан ўтиш учун авиачиптада кўрсатилган вақтда аэропортга етиб келишларини лозимлиги, доимий равишда ўз туроператорлари ва турагентлари ҳамда уларнинг call марказлари билан алоқада бўлишини эслатиши;
Парвозларни ташкил этишда парвозлар хавфсизлиги талаблари, халқаро ҳаво ташувлари бўйича амалдаги қоидалар, шунингдек Саудия Арабистони Қироллиги ва БААнинг ваколатли органлари томонидан белгиланган талаб ва тартибларга қатъий риоя этилиши таъминланиши лозим.
«Ўзавиация» агентлиги Саудия Арабистонидан қайтиш авиачиптаси бўлмаган йўловчилар тўғрисида аэропортлардан олинган маълумотларни умумлаштирган ҳолда таҳлил қилиш ва тегишли чоралар кўриш учун Дин ишлари бўйича қўмита, Туризм қўмитаси ҳамда Прокуратура органларига киритиб борилишини таъминлайди. Бунда, маълумотларни таҳлил қилишда бориш ва қайтиш авиачипталари турли хил авиакомпаниялардан бўлган йўловчилар бўлиши мумкинлигини инобатга олинади.
Транспорт вазирлиги тегишли идоралар билан ҳамкорликда вазиятни доимий равишда мониторинг қилиб боради ҳамда минтақадаги вазиятнинг ўзгаришига қараб қўшимча маълумотлар ва кўрсатмаларни ҳукумат билан келишган ҳолда бериб боради.
