Латвия Республикаси Транспорт вазири билан музокаралар ўтказилди
2026-03-04 16:00:00 / Янгиликлар

Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистон – Латвия транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар, устувор йўналишлар бўйича фикр алмашдилар ҳамда амалий шерикликни кенгайтириш истиқболларини белгилаб олдилар.
Авиация соҳасида йўловчи ва юк авиақатновларини ривожлантириш, жумладан электрон тижорат (э-cоммерcе) сегментини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, RIX Academy билан авиация мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш йўналишида комплекс ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Темир йўл соҳасида юк ташиш ҳажмларини ошириш, логистика йўналишларини такомиллаштириш, ҳаракат таркибини модернизация қилиш ва техник хизмат кўрсатишни ривожлантириш масалалари батафсил муҳокама қилинди.
Автомобиль транспорти йўналишида узоқ муддатли барқарор шерикликни шакллантириш, ўзаро юк оқимини кўпайтириш, Латвия портлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда ўзбек транспорт операторларининг Европа бозорида рақобатбардошлигини ошириш чоралари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни изчил чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш ҳар икки тараф учун ҳам манфаатли эканлигини тасдиқладилар.


