Яқин Шарқдаги вазият туфайли хорижий сафарларни вақтинча кечиктириб туриш тўғрисида хабарнома
2026-03-02 10:00:00 / Янгиликлар
Мазкур ҳолат натижасида кўплаб давлатлар вакиллари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳам парвозларнинг бекор қилиниши ёки кечиктирилиши, транзит йўналишларнинг ёпилиши ҳамда бошқа ташкилий муаммолар туфайли қийинчиликларга дуч келмоқда.
Шу муносабат билан фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Яқин Шарқ йўналишида режалаштирилган зиёрат, тижорат, дам олиш ҳамда бошқа турдаги хорижий ташрифларни вазият барқарорлашгунига қадар вақтинча кечиктириб туриш тавсия этилади.
Айни пайтда чет элда бўлиб турган ватандошлардан босиқлик ва ҳушёрликни сақлаш, одамлар гавжум жойларга боришдан тийилиш, шунингдек, маҳаллий қонун-қоидаларга қатъий риоя қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг хорижий дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан доимий алоқада бўлиб туриш сўралади.
Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, барча фуқароларни сафарларни режалаштиришда эҳтиёткорлик чораларини кўриш ва расмий манбалар орқали эълон қилинаётган ахборотларга амал қилишга чақирди.
