Ҳайдовчилар диққатига
2025-11-25 10:00:00 / Янгиликлар
Транспорт воситаси ҳайдовчилари билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш, йўлларда юзага келадиган ҳолатлар бўйича тезкор ахборот алмашинувини таъминлаш ҳамда хавфсизлик даражасини ошириш мақсадида, “Ташувчи ва ҳайдовчиларга кўмак” махсус интерактив платформаси (murojaat.mintrans.uz) ва Telegram мессенжерида шу номли “бот” (https://t.me/TashuvchigaKomakBot) ишга туширилди.

Ушбу платформа орқали ҳайдовчилар ўз сафарлари давомида учрайдиган муаммолар, йўллардаги техник носозликлар, йўл-транспорт ҳодисалари ёки бошқа фавқулодда вазиятлар ҳақида тезкор хабар беришлари, шунингдек, соҳавий саволлар юзасидан мурожаат йўллашлари мумкин.
Платформага келиб тушган барча хабарлар ва мурожаатлар Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимлари томонидан реал вақт режимида кўриб чиқилади ва белгиланган тартибда амалий чоралар кўрилиб, мурожаатчига тегишли жавоб қайтарилади.
Лойиҳанинг жорий этилиши соҳада очиқлик, жавобгарлик ва тезкор бошқарувни таъминлашга хизмат қилиб, ҳайдовчиларнинг хавфсиз ҳаракатланишига қўшимча қулайлик яратади.
