Тошкент метрополитенида китобхонлар учун “Турон китоб бекати” ташкил қилинди
2025-11-06 16:00:00 / Янгиликлар

Энг сара асарлар, шахсий ривожланишга хизмат қилувчи адабиётлар, шеърий тўпламлар, замонавий қўлланмалар билан бойитилган бу мутолаа бекати йўловчилар учун ноёб ва қулай имкониятдир. Ўқувчилар бекатдан-бекатгача китобларни ўқиши ва уларни Мутолаа лойиҳасидан буюртма қилиши мумкин бўлади.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид сўзга чиқиб, янги лойиҳа ёшларнинг китобга бўлган қизиқишига туртки бўлишини таъкидлади.
“Турон китоб бекати” деб номланган лойиҳа доирасида маҳаллий ва хорижий муаллифларнинг асарлари жойлаштирилган китоб жавонлари метрополитеннинг Туркистон, Ипак йўли, Беруний, Чилонзор, Мингўрик, Тошкент, Дўстлик метро бекатларида ўрнатилди. Келгусида кутубхоналарни ерости ва ерусти метрополитен линияларининг бошқа бекатларига ҳам ўрнатиш кўзда тутилмоқда.
Мазкур лойиҳани амалга оширишдан кўзланган мақсад метрополитенда ҳар куни миллионлаб йўловчиларни манзилига етказишда уларнинг сафарини мазмунли, фойдали қилиш, билим, маърифат ва китобхонлик маданиятини йўлларимиз, бекатларимиз, метро йўналишларида тарғиб қилишдан иборатдир.






