Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг UzASBO дастурий мажмуаси такомиллаштирилди
2024-11-23 10:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур дастурий мажмуа бўйича қуйидаги ишлар бажарилди:
Буджет ташкилотлари штат жадвалларининг қоғоз шаклидан воз кечилиб, тўлиқ электрон шакллантириш тизими йўлга қўйилди. Жумладан:
буджет ташкилотларининг штатлар жадвали ва харажатлар сметаси электронлаштирилиб, штат бирликлари ҳамда лавозимлар тегишли меъёрлар асосида киритилди, шунингдек, лавозимлар хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига мувофиқлаштирилди;
буджет ташкилотлари штат бирликлари ажратилди, тўлов турлари ҳамда иш ҳақи тўловларини ҳисоблашдан келиб чиқиб гуруҳларга тоифаланди;
тўлов турлари стандартлаштирилди, шунингдек, ҳар бир тўлов турлари ва уларнинг чегаравий миқдорларининг тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлиги таъминланди;
“Ягона счётлар режаси”ни жорий қилган ҳолда иккита алоҳида дастур (main.uzasbo.uz ва zp.uzasbo.uz) битта дастурга бирлаштирилди.
2. Умумтаълим мактабларининг тарификация жараёнлари рақамлаштирилиб, ишлаётган ходимларга тегишли малака тоифалари интеграция қилинган ҳолда уларнинг иш ҳақларини ҳисоблаш жараёнлари автоматлаштирилди.
Шу билан бирга, UzASBO дастурий мажмуаси бўйича қуйидаги режалар белгилаб олинди:
1. 2025 йил 1 январгача иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни автомат ҳисоб-китоб қилиш учун вазирлик ва идораларнинг тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилиш;
2. 2025 йил 1 январдан бошлаб, буджет ташкилотларининг масъул ходими томонидан табель маълумотларини электрон киритишни йўлга қўйиш;
3. 2025 йил 1 февралгача соғлиқни сақлаш, олий таълим, спорт соҳаларидаги ташкилотларнинг паспорт кўрсаткичларини шакллантириш (дастлабки босқичда сет ва контингент кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш).
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг UzASBO дастурий мажмуасини такомиллаштириш бўйича Ишчи гуруҳи томонидан ташкилотлар масъул ходимларининг кўникмаларини орттириш учун семинар-тренинглар ташкил этиш, видео қўлланмалар тайёрлаш ҳамда заруриятга қараб, жойларга чиққан ҳолда, доимий равишда керакли тушунчалар бериб бориш режалаштирилган.
Ўз навбатида, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларини UzASBO дастурий мажмуасида электрон ҳисоблаш жараёнида бир қатор ишлар амалга оширилиши талаб этилмоқда. Мазкур вазифалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31-октабрдаги “Бюджет ташкилотлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва штатлар жадвалини шакллантириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 722-сонли қарорида ҳам кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан:
1 ой муддатда штатлар меъёри ва меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш;
3 ой муддатда хатлов натижалари бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш ва штатлар меъёри мавжуд бўлмаган буджет ташкилотлари учун хизмат кўрсатиш ва лавозимларни жорий этиш нормаларини белгилаш назарда тутилган.
Бюджет маблағларининг манзилли сарфланиши ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъул вазирлик ҳамда идораларни UzASBO дастурий мажмуасида буджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни электрон ҳисоблаш ҳамда электрон маълумотлар базаларини ушбу дастур билан интеграция қилиш жараёнида янада фаолроқ бўлишга чақиради.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати


