Транспорт вазири ўринбосари Глобал темир йўл инфратузилмаси кўргазмаси ва конференциясида иштирок этди
2025-10-06 15:00:00 / Янгиликлар

Конференция экспертлар ва қарор қабул қилувчиларни транспорт соҳасининг келажагини муҳокама қилиш ва глобал алоқани яхшилаш учун инновацион ечимларни излаш йўлида бирлаштирган етакчи халқаро платформага айланди.
Мазкур муҳим тадбирда Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Бошқарув раиси биринчи ўринбосари Хикматилла Рахметов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси вакиллари иштирок этишди.
"Миллатлараро боғлиқликни яратиш: барқарор ривожланишни таъминлашда транспорт ва инфратузилманинг роли" мавзусидаги панель сессиясида иштирок этиш жараёнида вазир ўринбосари Жасурбек Чориев сўзга чиқди.
У ўз маърузасида транспорт инфратузилмасининг барқарор ривожланиши, иқтисодий ўсиш ва ижтимоий интеграцияда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб, ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш минтақавий интеграция ва халқаро савдони кенгайтиришнинг асосий омили эканлигини қайд этди.
Шунингдек, Ж. Чориев “Global Rail" кўргазмасига ташрифи чоғида технологиялар, инновациялар ва молиявий ечимларга ихтисослашган йирик жаҳон компаниялари павилёнларни кўздан кечирди.
Шу билан бирга иштирокчи давлатлар ва ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик ва билим алмашиш имкониятларини яратадиган, шунингдек, минтақавий ва халқаро миқёсда транспорт ҳамда инфратузилма соҳаларининг ривожланишига ҳисса қўшадиган асосий лойиҳалар ва дастурлар билан яқиндан танишди.








