Туркий давлатлар ташкилоти Транспорт вазирлари 8-йиғилиши ўтказилди
2025-10-01 10:00:00 / Янгиликлар

Йиғилишда Қозоғистон Республикаси Транспорт вазири Нурлан Сауранбаев, Туркия Республикаси Транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Ўралўғли, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Махкамов, Озарбайжон Республикаси Рақамли ривожланиш ва транспорт вазирининг ўринбосари Раҳмон Гумматов, Қирғиз Республикаси Транспорт ва алоқа вазирининг ўринбосари Алмаз Тургунбаэв ҳамда ТДТ Бош котиби Элчи Кубаничбек Омуралиев иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Махкамов учрашувдаги нутқида ТДТ мамлакатлари билан юк ташиш ҳажмининг ўсиши ва ташкилотга аъзо мамлакатларнинг минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун узлуксиз юк етказиб бериш занжирини яратиш бўйича биргаликда амалга оширган ишларининг ижобий натижаларини қайд этди.
Транспорт вазири юк ташувлари жараёнида тўлиқ электрон ҳужжат айланиш тизимига ўтиш ва буни ТДТ доирасида ўзаро тан олиш бўйича кўп томонлама битим ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.
Шунингдек, И.Махкамов жорий йилнинг 11-12- ноябрь кунлари Тошкентда ТДТнинг мультимодаль транспорт форуми ҳамда авиация, аэропортлар ва логистика соҳасидаги халқаро форум ўтказилишини эълон қилди.
Вазир ушбу тадбирлар давлат органлари, бизнес ҳамжамияти ва транспорт соҳаси экспертлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.







