Тошкент давлат транспорт университетида янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди
2025-08-29 16:00:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Раматов Ачилбай Жуманиязович кириш сўзи билан сўзга чиқиб, ушбу мажмуанинг соҳага юқори малакали, рақобатбардош ва инновацион фикрлайдиган мутахассисларни тайёрлашда катта аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Абдурахманов Одил Қаландарович ҳам нутқ сўзлаб, ёшлар учун яратилган шароитларни юксак баҳолади ва университет илмий-амалий фаолиятида бундай йирик қадамлар транспорт тизимининг барқарор ривожланишига хизмат қилишини қайд этди.
Маросимда вазирликлар, ташкилотлар ва қўмиталар раҳбарлари ҳамда ходимлари, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.
Янги ўқув биноси 21 та ўқув ва илмий лаборатория, 71 та маъруза ва ўқув хонасидан иборат бўлиб, соҳанинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда замонавий техника ва жиҳозлар билан таъминланди. Автомобиль транспорти, йўлсозлик, авиация ва металлургия йўналишлари учун махсус тренажёрлар ўрнатилди. Бундан ташқари, KIA, Abozor ва BYD компаниялари томонидан ташкил этилган тематик аудиториялар талабалар учун ишлаб чиқаришга яқин шароитларда амалий кўникмаларни эгаллаш имкониятини яратмоқда.
Шунингдек, “Барқарор транспорт”, “Автомобиль муҳандислиги”, “Ишлаб чиқариш муҳандислиги”, “Метрология”, “Кўтариш-ташиш ва йўл қурилиш машиналари”, “Экология” ҳамда “Химотология” каби замонавий лабораториялар фаолиятини бошлади. Улар назарий билимларни чуқурлаштириш, амалий тажрибаларни мустаҳкамлаш ва талабаларни реал илмий изланишларга жалб этишда муҳим ўрин тутади.
Янги лабораториялар базаси кенг кўламли илмий-амалий ишланмаларни амалга ошириш имконини бермоқда. Хусусан, электромобиллар батареяларини синовдан ўтказиш, учиш аппаратлари конструкциясини тадқиқ этиш, материалшунослик ва материаллар технологиясини чуқур ўрганиш, автомобиллардан чиқадиган зарарли газларни камайтириш бўйича инновацион изланишларни олиб бориш имконияти яратилди.
Мазкур мажмуанинг фойдаланишга топширилиши Тошкент давлат транспорт университетининг илмий салоҳиятини янги босқичга кўтарди. Эндиликда университет нафақат мамлакатимиз, балки минтақамиз транспорт соҳаси учун ҳам юқори малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрларни тайёрлаш имкониятига эга бўлмоқда.
Бу эса Ўзбекистоннинг транспорт тизимини модернизация қилиш ва барқарор ривожлантириш йўлидаги муҳим босқич сифатида эътироф этилади.








