Транспорт соҳасидаги қонунчиликка айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши кутилмоқда
2025-08-20 15:00:00 / Янгиликлар

Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда транспорт соҳасини ривожлантиришга, ташишларнинг хавфсизлигини юқори даражада таъминлашга, ушбу соҳадаги бошқарув тизимини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, транспортда ташишларга нисбатан қўйиладиган талаблар ва шартларга амал қилиниши борасида ташувчиларнинг масъулиятини ошириш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда коррупцияга барҳам бериш, транспорт соҳасидаги назоратнинг самарадорлигини яна-да ошириш учун маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келмоқда.
Шунингдек, транспорт соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Транспорт вазирлиги ҳузурида Транспорт назорати инспекцияси ташкил этилганлиги муносабати билан транспорт соҳасидаги қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати ҳам мавжуд.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга темир йўл транспортида ва метрополитенда ҳаракат ва ташиш хавфсизлиги талабларини ҳамда йўловчиларни, багажни ва юк багажини ташиш қоидаларини бузганлик учун жарима солишга сабаб бўлишини белгиловчи қўшимчалар киритилмоқда.
Бундан ташқари, Қонун билан “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ҳамда “Транспорт тўғрисида”ги қонунларга ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.








