Хитойдан Сурхондарёга янги автобуслар олиб келинади
2025-08-15 17:00:00 / Янгиликлар
Айни дамда Сурхондарё вилояти Транспорт бошқармаси бошлиғи ҳамда “Термизтранспортхизмат” МЧЖ раҳбари хизмат сафари билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди.

Ташриф давомида мутасаддилар автобуслар учун мўлжалланган эҳтиёт қисмлар ҳамда двигатель ишлаб чиқарувчи Weichai Power корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди.
Хусусан, заводда автобусларга ўрнатилаётган двигателларнинг техник хусусиятлари, қуввати ва ишончлилиги юзасидан батафсил маълумот олинди.
Завод мутахассислари билан бўлиб ўтган музокараларда Сурхондарё вилоятига олиб келиниши режалаштирилаётган автобусларнинг барқарор иш фаолиятини таъминлаш мақсадида двигателларини вилоят иқлим шароитларига мослаштириш масалалари муҳокама этилди.
Мазкур ташриф якунлари бўйича ҳудуд аҳолисига хизмат қиладиган янги автобусларнинг самарадорлиги ва узоқ муддат ишлашини таъминлаш бўйича муҳим келишувларга эришилиши кутилмоқда.

