Жамоатчилик кенгаши фаолияти: ярим йил сарҳисоби ва истиқболдаги режалар
2025-08-09 11:00:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–124-сон фармони билан давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолияти мутлақо янги босқичга кўтарилди.
Хусусан, эндиликда жамоатчилик кенгашлари ўз фаолиятида камёб амалиёт жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги каби механизмлардан самарали фойдаланишни бошлашди.
Жумладан, транспорт вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши Тошкент шаҳри жамоат транспорти автобусларда йўл ҳақи тўловларини нақд пулда қабул қилиш амалиётнинг тўхтатилиши, ушбу янгиликка нисбатан йўловчиларнинг фикр-мулоҳазалари, мазкур жараёнда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш юзасидан январь ойида жамоатчилик мониторингини ўтказди.
Шу билан бирга май ойида “Шаҳар жамоат транспортида имконияти чекланган шахсларнинг ҳаракатланиши учун яратилган имкониятлар, ушбу шахслар ҳуқуқларига риоя этилишини таъминланиш ҳолати ва бу борадаги долзарб масалалар” муҳокамасига бағишланган Жамоатчилик эшитуви ўтказилди.
Вазирлик Жамоатчилик Кенгаши раиси Сайёра Ходжаева бу каби механизмлардан фойдаланган ҳолда фаол жамоатчилик назоратининг ўрнатилиши Тошкент шаҳрида транспорт хизматини кўрсатувчи “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тасарруфидаги барча автобус саройлари раҳбар ва мутасаддиларида, қолаверса, ҳайдовчиларда ҳисобдорлик ҳиссини оширишга туртки бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Жорий йилнинг 7 август куни Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг 2025 йилнинг 1-ярим йил якунлари ҳамда истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда кун тартибига мувофиқ 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, Жамоатчилик кенгаши фаолиятига оид масалалар муҳокама этилди. Хусусан, Кенгаш Низоми ва тасдиқланган йиллик иш режасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, эришилган натижаларга баҳо берилди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигида бажарилиши режалаштирилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Транспортнинг барча турларида сифатли, хавфсиз ва замон талабларига мос бўлган хизматлар кўрсатилишини ташкил этиш, йўловчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бунда Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг фаол иштироки бўйича асосий вазифалар белгилаб олинди.
Ўзаро мулоқотлар давомида кун тартибидаги масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар ўрганилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.









