Иши бевосита поездлар ҳаракати билан боғлиқ бўлган темир йўл транспорти айрим тоифадаги ходимларининг иш вақти ва дам олиш вақти режимлари белгиланди
2025-07-18 14:00:00 / Янгиликлар
"Темир йўл транспорти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 34-моддаси ижросини таъминлаш мақсадида Транспорт вазирининг мазкур буйруғи билан тасдиқланган Ушбу Низом умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўлларда иши бевосита поездлар ҳаракати билан боғлиқ бўлган темир йўл транспорти айрим тоифадаги ходимларининг иш вақти ва дам олиш вақти режимларини белгилайди.
Низом 7 боб ва 41 банддан иборат бўлиб, ишлари бевосита поездлар ҳаракати билан боғлиқ бўлган, йўлда ёки темир йўл транспорти инфратузилмасининг хизмат кўрсатиладиган участкалари доирасида ўз меҳнат вазифаларини амалга оширадиган, юкларни ташиш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш бўйича ишларни бажарадиган темир йўл транспорти ходимларининг, шунингдек ташиш жараёнининг узлуксизлигини ва поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлайдиган ходимларнинг иш вақти ва дам олиш вақти режимларини ҳамда халқаро тажрибани ўрганган ҳолда ишлаб чиқилган.
Иши бевосита поездлар ҳаракати билан боғлиқ бўлган темир йўл транспорти айрим тоифадаги ходимларининг иш вақти ва дам олиш вақти режимлари тўғрисидаги низом:
- умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл транспортида ташиш ва ҳаракат хавфсизлиги билан боғлиқ барча ходимлар учун меҳнат ва дам олишнинг ягона режимини белгилаш;
- умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл транспортида ташиш жараёни барча иштирокчиларининг масъулиятини ошириш;
- темир йўл транспортида хавфсизликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга, жисмоний ёки юридик шахсларнинг мол-мулкига зарар етказилишига олиб келадиган транспорт ҳодисаларни олдини олиш учун хизмат қилади.
