Транспорт соҳасида давлат назоратини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди
2025-07-08 14:00:00 / Янгиликлар

Мазкур қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга темир йўл транспорти ва метрополитенда ҳаракат ва ташиш хавфсизлиги талабларини бузиш, кемалар ва кичик ҳажмли кемалардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузиш, халқаро ва шаҳарлараро ташувларни амалга оширишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимини қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширмаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Мажлисда транспорт оқимига таъсир кўрсатувчи объектларнинг қурилишини режалаштириш босқичида транспорт тармоғига тушадиган юкламаларни ҳисобга олган ҳолда ечимлар ишлаб чиқилиши, шунингдек транспорт инфратузилмасини режалаштиришда пиёдалар, велосипед ва индивидуал ҳаракатланиш воситалари, жамоат транспорти ва махсус транспорт ҳамда бошқа транспорт воситалари учун устуворлик инобатга олган ҳолда амалга оширилиши қўмита томонидан атрофлича ўрганилиб, мазкур нормалар маромига етказилганлиги алоҳида таъкидланди.
Мунозаралар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти, айни чоғда заруратига алоҳида эътибор қаратиб, унда назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича бир қатор саволларни ўртага ташлашди. Масъул қўмита ва қонун ташаббускорлари томонидан берилган барча саволлар юзасидан атрофлича тушунтиришлар бериб ўтилди.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга, ташувлар самарадорлиги ва сифатини оширишга, йўловчилар ташишдаги хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.






