Озарбайжон Рақамли ривожланиш ва транспорт вазирлиги делегацияси мамлакатимизга ташриф буюрди
2025-07-03 14:00:00 / Янгиликлар

Ташрифнинг дастлабки куни делегация вакиллари Транспорт вазирлиги ҳузуридаги "Рақамли транспорт маркази" Давлат муассасаси фаолияти билан яқиндан танишди. Шу ерда шаҳар жамоат транспорти тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, амалиётга татбиқ этилаётган рақамли ечимлар юзасидан билим ва тажриба алмашилди.
Шунингдек, автобуслар ҳаракати учун алоҳида йўлакларни жорий этиш ва улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилишнинг амалдаги механизмлари бўйича фикр алмашилди.
Ташрифнинг иккинчи куни халқаро автомобиль ташувлари соҳасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ушбу йўналишда миллий ташувчиларнинг иштирокини кенгайтириш, икки мамлакат ташувчилари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масалаларига бағишланди.
Шу мақсадда ташриф давомида делегация вакиллари ташувчилар билан учрашув ўтказишди ҳамда “Яллама” ва “Довут ота” чегара ўтказиш пунктларидаги замонавий инфратузилма билан яқиндан танишишди.
Томонлар электрон рухсатнома бериш тизими, юк оқимларини рақамли назорат қилиш ва ўтказиш пунктларини автоматлаштириш соҳасидаги платформаларнинг ўзаро интеграциясини кучайтириш имкониятларини муҳокама этишди.
Иштирокчилар рақамли трансформация юк оқимининг ўсиш суръатлари ва глобал бозор талабларига мос келишини таъминлаш учун айнан бизнес, халқаро ҳамкорлар ва давлат тузилмалари билан доимий мулоқот форматида янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.





