XVII “Транспорт муаммолари” конференциясида Евросиё транспорт сектори бўйича иқтисодий таҳлиллар тақдим этилди
2025-06-30 15:00:00 / Янгиликлар
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази бўлим бошлиғи Дилдора Ибрагимова иштирок этиб, Евросиё минтақаси транспорт секторига оид иқтисодий таҳлилларни тақдим этди.
Дилдора Ибрагимованинг “Евросиё минтақаси мамлакатлари иқтисодиётини ривожлантиришда транспорт хизматларининг ҳиссасини эконометрик баҳолаш” мавзусидаги илмий маърузаси анжуман иштирокчилари – халқаро олимлар, экспертлар ва соҳа мутахассислари томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди.
Мазкур конференция ҳар йили Силезия Технология Университети ҳамда Scopus, DOAJ, Index Copernicus ва EBSCO каби нуфузли маълумотлар базаларида индексацияланган халқаро илмий журнал “Transport Problems” ташаббуси билан ташкил этилади. Унда транспорт соҳасидаги долзарб муаммолар, логистика тизимлари, интеллектуал ечимлар, инфратузилма модернизацияси ҳамда транспорт сиёсатига оид масалалар кўриб чиқилади.
Ўзбекистон вакилининг мазкур конференцияда иштирок этиши Евросиё минтақасида транспорт хизматлари ривожига қаратилган илмий асосланган ёндашувларни халқаро миқёсда тақдим этиш ва тажриба алмашишга хизмат қилди.
