“Коррупция – жамият ва тараққиёт кушандаси” мавзусида тадбир бўлиб ўтди
2025-06-26 13:00:00 / Янгиликлар

Транспорт вазирлиги ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари ходимлари фаолиятида коррупсиявий ҳуқуқбузарликларга муросасизлик ва уларни содир этишга йўл қўймаслик ҳамда давлат раҳбарининг тегишли қарор ва фармонлари мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирнинг навбатдагиси Фарғона ҳамда Андижон вилояти транспорт бошқармаларида ташкил этилди. Тадбирда бошқарма, Йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси, Транспорт назорати инспекцияси автомобиль ва сув транспортида назорати ҳудудий бўлими ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда Транспорт вазирлигининг Коррупцияга қарши курашиш бўлим бошлиғи Н.Комилов, Юридик бўлим бош юрисконсульти А.Остонов, Транспорт назорати инспекцияси Методология бўлими бошлиғи Ў.Очиловлар ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Улар сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий ва институционал базасини такомиллаштириш, давлат органларининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминланиш борасида амалга оширилган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди.







