Расмий изоҳ
2025-06-13 18:00:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 февралдаги “Хизматлар соҳаси барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–78-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йил 2 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг “Автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолиятини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 200-сон қарори қабул қилинди.
Унга мувофиқ:
биринчидан, йўналишсиз такси фаолиятини лицензиялаш транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилган ҳудуддан қатъий назар, такси ҳайдовчиси танловига кўра лицензия талабномасида кўрсатган ўзини-ўзи банд қилиш ҳудуди бўйича амалга оширилади.
Яъни, такси ҳайдовчисининг автомобили қайси ҳудудда рўйхатдан ўтганидан қатъий назар ўзи хоҳлаган ҳудудда фаолият юрита олади. Масалан, Бухоро вилоятида рўйхатдан ўтган автомобилнинг эгаси дастлаб ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтади ва бунда такси фаолиятини амалга ошириш ҳудудини ўзи танлайди. Шундан сўнг, лицензия олиш учун композит ариза топширади;
иккинчидан, йўналишсиз такси лицензия варақасида кўрсатилган (ўзи танлаган) ҳудудда ва ёндош ҳудудда (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) фаолият кўрсатиши лозим.
Яъни, чеклов лицензияда кўрсатиладиган ҳудуд учун ўрнатилган. Масалан, Бухоро вилоятида рўйхатдан ўтган автомобилнинг эгаси ўзи танлаган Тошкент шаҳрида фаолият юритиши учун лицензия олганидан сўнг фаолиятини Тошкент шаҳри ва унга туташ Тошкент вилоятида олиб боришига рухсат этилади;
учинчидан, автомобилнинг давлат рақами қайси ҳудудга оид бўлса, лицензия фақат айнан шу ҳудуд учун берилиши лицензия талаб ва шарти ҳисобланмайди.
Яъни, автомобилнинг бошқа ҳудудда рўйхатдан ўтказилганлиги лицензия беришни рад этиш учун асос бўлмайди.
Ушбу қарор кучга киргандан сўнг, бугунги кунга қадар Республика бўйича ўзини ўзи банд қилган 5 196 нафар шахсларга автотранспорт воситаси қайд этилган ҳудуддан бошқа ҳудудларда фаолият кўрсатиш бўйича лицензия варақаси берилган.
