Қулай ва инклюзив шаҳар транспорт тизимини ривожлантириш долзарб вазифа
2025-04-28 12:00:00 / Янгиликлар

Жамоатчилик назорати тартибида ўтказилган мониторинг натижалари хулосасига бағишланган жамоатчилик эшитувида шаҳар жамоат транспортида имконияти чекланган шахсларнинг ҳаракатланиши учун яратилган имкониятлар, ушбу шахслар ҳуқуқларига риоя этилишининг таъминланиш ҳолати ва бу борадаги долзарб масалалар муҳокама этилди.
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Сайёра Ходжаева мамлакатимизда «Инсон қадри учун» деган эзгу тамойил асосида олиб борилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, мамлакатимизда инклюзив жамиятни ривожлантириш ва имконияти чекланган шахслар учун мақбул муҳитни яратиш, жамиятдаги айрим стереотипларни бартараф этиш ҳамда бу борада давлат ва нодавлат ташкилотларининг ўрни ва ўзаро ҳамкорликдаги ҳаракатларининг аҳамияти хусусида фикр билдирди.
Йиғилишда имконияти чекланган шахслар учун шаҳар жамоат транспорти қулайлиги мониторинги натижалари юзасидан Тошкент шаҳар “Миллениум” ногирон ёшлар ижтимоий-ҳуқуқий реабилитация маркази раиси Гулжаҳон Маҳматқулова, пойтахтимизнинг Сергели ва Янгиҳаёт туманлари ногиронлар жамияти раҳбари Гулноза Шарипова ва Ўзбекистон ногиронлар жамияти раиси ўринбосари Ботиржон Омонтурдиевлар ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Жамият вакиллари имконияти чекланган шахслар учун мақбул муҳитни яратиш борасида сўнгги йилларда шаҳар жамоат транспорти тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, ҳаракат таркибининг янгиланиши паст полли замонавий автобусларнинг олиб келингани алоҳида эътироф этилди.
Шу билан бирга, имконияти чекланган фуқароларнинг шаҳар жамоат транспорти, хусусан, автобуслар хизматидан фойдаланган ҳолда бир манзилдан иккинчи манзилга хавфсиз етиб олишини таъминлашда ҳайдовчиларнинг малакаси ва масъулиятини ошириш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозим, 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб–қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора–тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5270-сонли Фармонга кўра, 2018 йил 1 мартдан ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилмаган шаҳар йўловчи транспорти воситаларини сотиб олиш тақиқланган.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги ““Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги” ПҚ-59-сонли қарорга асосан ҳудудларда брутто–шартнома асосида ташкил этиладиган мунтазам шаҳар автобус йўналишларида ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилган автобусларда фаолият кўрсатиш мажбурияти юклатилган.
Тадбирнинг иккинчи қисми шаҳар жамоат транспортидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг амалда фойдаланиш имконияти, махсус мослама ва қурилмалардан фойдаланиш кўникмаси, ҳайдовчилар тажрибаси ва муносабатини ўрганишга бағишланди.
Хусусан, Тошкент метрополитенида ногиронлиги бор шахсларга тўсиқсиз муҳит яратиш борасида “Халқлар дўстлиги” ер ости метро бекатини мослаштириш бўйича намунавий лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар кўздан кечирилди.
Бугунги кунда мазкур лойиҳага мувофиқ имконияти чекланган шахслар, кекса ёшдагилар ва болалар аравачаси билан ҳаракатланаётган йўловчиларни метрополитеннинг вестибюль ва платформа қисмига олиб тушиш/олиб чиқишга мўлжалланган махсус платформа лифтлари “Халқлар дўстлиги” ва “Буюк ипак йўли” бекатларида ўрнатилган. Жорий йил якунига қадар яна 16 та бекатда ана шундай қурилмалар (кўтаргичлар) ўрнатилиши режалаштирилган.









