Транзит ташувларида рухсатнома муддати 90 кун этиб белгиланмоқда
2025-04-16 10:00:00 / Янгиликлар
Бироқ, қонунда бу муддатни узайтиришга асос бўлувчи ҳолатлар ва узайтирилиши мумкин бўлган муддат чегараси аниқ белгилаб қўйилмаган.
Шундан келиб чиқиб, “Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, транспорт соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзитига рухсатнома бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза олинган кундан эътиборан йигирма кундан ошмайдиган муддатда қабул қилиниши, зарур ҳолларда мазкур муддат ўн кунгача узайтирилиши мумкинлиги белгиланмоқда. Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзитига рухсатноманинг амал қилиш муддатини эса тўқсон кун этиб белгилаш назарда тутилмоқда.
Мазкур ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилар экан, депутатлар лойиҳанинг қабул қилиниши логистика тизимини ривожлантириш, транзит ташувлар ҳажмини ошириш ҳамда қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш ва транспорт соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
