ТДТ мамлакатлари етакчи миллий таҳлил марказларининг анжумани
2025-04-15 12:00:00 / Янгиликлар

Конференцияда Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатларининг етакчи илмий тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказиш билим алмашиш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.
"Минтақавий интеграция ва инфратузилмавий лойиҳалар" мавзусидаги панель сессиясида Транспортни ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Б.Холматов Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган муҳим инфратузилмавий лойиҳаларга бағишланган тақдимот билан иштирок этди.
Б.Холматов Туркий дунё мамлакатлари ўртасидаги транспорт-логистика ҳамкорлигини мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этиб, ТДТга аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий соҳадаги энг муҳим стратегик шерикларидан бири эканини таъкидлади.
Марказ директори ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ТДТ саммитлари доирасида илгари сурилган мультимодаль транспорт йўлакларини ривожлантириш, транспорт жараёнларини рақамлаштириш (жумладан, e-Permit ва e-TIR тизимларини жорий этиш), шунингдек, асосий йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш "Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" темир йўли ва "Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон" транспорт йўлагини шакллантириш бўйича қатор ташаббусларга эътибор қаратди.
Сўзининг якунида Б.Холматов жорий йилнинг январь ойида қабул қилинган ва логистика инфратузилмасини кенг миқёсда кенгайтириш, контейнер ташувлари ҳажмини ошириш ҳамда транспорт хизматлари экспортини кўпайтиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг транспорт-логистика тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига эътибор қаратди.



