Навоийда замонавий автобуслар йўналишларда ҳаракатланишига старт берилди
2025-04-03 12:00:00 / Янгиликлар

Бугун Навоий вилояти Кармана туманидаги Автошоҳбекатда Хитойдан келтирилган 18 та автобусларнинг шаҳар йўналишларида ҳаракатланишига старт берилди.
Биринчи босқичда автобуслар 2 та йўналишда “Навоий” автовокзали – вилоят Авто йўл бошқармаси” ва Тинчлик қўрғони - "Малика" автостанцияси йўналишларида ҳаракатланиб бир кунда 10 мингга яқин йўловчиларга хизмат кўрсатади.
Иккинчи босқичда жорий йилнинг май ойига қадар яна 42 та автобуслар вилоятга олиб келиниб, Кармана тумани маркази ва Навоий шаҳрининг барча кўчаларида, яъни “Навоий” автовокзали – Ишчилар қўрғони, “Навоий” автовокзали – вилоят Авто йўл бошқармаси, “Навоийазот" – Шарқ автостанцияси”, Кармана автошоҳбекат - Темир йўл вокзали йўналишларида ҳаракатларни амалга ошириб, 17 мингдан ортиқ йўловчиларни ташиш имконига эга бўлади.
Йўловчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида вилоят марказида ҳаракатланаётган автобусларда замонавий электрон тўлов тизимни ўрнатиш ва йўл ҳақи тўловларини банк пластик карталари ва транспорт карталари орқали 1600 сўм миқдорида ва нақд пулда 2000 сўмда амалга ошириш юзасидан вилоят ҳокими қарори имзоланди.
Қарорда бир йўловчи учун бир соат мобайнида биринчи тўловни амалга оширганда 1600 сўм, иккинчи тўловни амалга оширганда 1000 сўм, учинчи ва кейинги тўловлар бепул қилиб белгиланган. Натижада шаҳар аҳолисининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси ўртача 19 фоиздан 70 фоизга етказилади ҳамда автобуслар оралиқ интервали 25-30 дақиқадан 8-10 дақиқага қисқартирилади.
Шунингдек, автобусларнинг мунтазам ҳаракатланиши, тозалиги, қиш кунлари иситиш тизими ёз кунлари совитиш тизими ишлаб туриши, ҳайдовчиларнинг кийиниш ва муомала маданиятини назорат қилиш учун вилоят Транспорт бошқармасида Марказлашган диспетчерлик маркази ташкил қилинди.









