Гендер тенгликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш
2025-03-18 14:00:00 / Янгиликлар

Семинарда транспорт вазирлиги ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари, шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Uzbekistan airports” АЖ, “Uzbekistan airways” АЖ, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг хотин-қизлар ва гендер масалалари бўйича масъул ходимлари иштирок этишди.
Семинар очилишида Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая хоним мамлакатимизда барқарор транспорт тизимини ривожлантириш ва бу жараёнда гендер эксклюзивликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Бу борада Транспорт вазирлиги ва БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида амалга оширилаётган «Тошкент-кам углеродли автотранспортга инвестициялар жалб этишни жадаллаштириш» лойиҳаси иштирокчилари томонидан электробусларни бошқаришга аёлларни жалб этиш каби долзарб таклиф ишлаб чиқилди ва Транспорт вазирлиги ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарорига тегишли ўзгартиришлар киритилиши натижасида аёлларга юк кўтариши 2,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларини ва йўловчиларнинг сони 14 кишидан ортиқ автобусларни бошқариш ҳуқуқи берилди.
Транспорт вазирлиги Хотин-қизлар бошланғич ташкилоти раиси Умида Ҳайдарова хотин-қизларнинг мамлакатимиз транспорт соҳасидаги муваффақиятли фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
Бугунги кунда транспорт соҳасида аёлларимиз нафақат автобус ҳайдамоқда, балки поезд ва самолётларни ҳам бошқариб келишмоқда. Хусусан, "Афросиёб" тезюрар поездларида 10 нафар ёрдамчи машинистлар ва Аirbus A 320 русумли самолёт бортларида 4 нафар аёл пилотлар ишлаб келмоқда. Қолаверса, кун сайин транспорт соҳасига қизларнинг қизиқиши тобора ортмоқда. Масалан, 2023-2024 ўқув йилида Транспорт университетига 836 нафар қизларимиз ўқишга кирган бўлса, 2024-2025 ўқув йилида 400 нафарга кўпроқ, айнан 1211 нафар қизларимиз таҳсил олмоқда, - деди У.Хайдарова.
Маълумки, мамлакатимизда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинган. Ушбу ҳужжатда 2030 йилгача барча хотин-қизларга нисбатан камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарор қабул қилиш билан боғлиқ барча даражаларда аёллар тўлиқ ва самарали иштирок этиши ва етакчилик қилиши учун тенг имконият яратилади.
Семинарда гендер тенглик ва аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича давлат сиёсати ва дастурларининг натижалари ва таъсирини кучайтириш, мамлакат транспорт соҳаси ташкилот ва корхоналарида гендер тамойилларини тарғиб қилиш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, ОТБ гендер консультанти Дилдора Таджибаева раҳбарлигида “Электромобиллик учун гендер масалаларига оид ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш” мавзусида амалий машғулотлар ўтказилди.





