Марказий Осиёда барқарор транспорт сиёсатини шакллантиришга қаратилган амалий ечимлар муҳокама этилди
2025-03-14 11:00:00 / Янгиликлар

Тадбирда иштирокчилар минтақавий боғлиқлик, инфратузилмани стратегик режалаштириш, чегаралараро савдо тартиб-қоидаларини соддалаштириш ва инфратузилмага барқарор сармоялар киритиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва инновацион технологиялар ёрдамида транспорт самарадорлигини ошириш каби стратегик масалаларни муҳокама қилдилар.
Транспорт вазирининг ўринбосари Илҳомжон Абдуғафаров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси минтақавий транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва логистика жараёнларини соддалаштириш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Шунингдек, Жаҳон банки вакиллари билан Тошкент – Андижон автомобиль йўлининг қурилиши ва бошқа долзарб транспорт инфратузилма лойиҳалари юзасидан маълумот алмашилди.
Тадбирнинг иккинчи куни техник семинарлар, интерактив машғулотлар ва экспертлар алмашинуви билан давом этди. Иштирокчилар транспорт инфратузилмасини интеграциялаш, логистика жараёнларини соддалаштириш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича илғор тажриба ва тавсияларни муҳокама этишди. Бу босқич келгусида барқарор транспорт сиёсатини шакллантириш ва иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган амалий ечимларни ишлаб чиқиш учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилди.
Ушбу икки кунлик сиёсий мулоқот Марказий Осиё транспорт боғлиқлигини янада мустаҳкамлаш, экологик ва иқтисодий жиҳатдан барқарор транспорт тизимларини яратиш йўлида сезиларли ютуқларга эришиш имкониятларини очиб берди. Мулоқот давомида эришилган натижалар ва келажакдаги ташаббуслар минтақанинг транспорт соҳасидаги ҳамкорлигини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.






