Корея элчиси “Жалолиддин Мангуберди” электропоездининг техник синовларида иштирок этди
2026-04-03 13:00:00 / Янгиликлар

Hyundai Rotem компаниясининг таклифига биноан, техник синовларда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Вон До Ён, Корея Экспорт-импорт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Кан Санджин, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги вакиллари, Hyundai Rotem компанияси мутахассислари, шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бош муҳандиси Шарофиддин Қодиров иштирок этдилар.
Синовлар давомида иштирокчилар поезднинг техник кўрсаткичлари, хавфсизлик даражаси ҳамда йўловчилар учун яратилган қулайликларни юқори баҳоладилар.
Шу билан бирга, томонлар келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари, хусусан Hyundai Rotem компанияси вакиллари билан Республикамизнинг тоғли ҳудудларида тезюрар йўловчи поездлари ҳаракатини ташкил этиш, замонавий технологияларни жорий этиш, темир йўл инфратузилмасини янада такомиллаштириш ҳамда соҳада малакали кадрлар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Корея экспорт-импорт эксим банки вакили томонидан келгусида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ учун Корея Республикаси компаниялари билан истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳамкорликка тайёр эканлиги маълум қилинди.




