ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди
2026-03-31 15:00:00 / Янгиликлар

Медиа тадбир дастлаб вилоят транспорт бошқармаси фаолияти билан танишишдан бошланди. Бошқарма бошлиғи Баҳодир Бекхўжаев томонидан соҳада олиб борилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Қайд этилишича, 2024–2025 йиллар мобайнида йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида вилоятга жами 96 та, жумладан, “Экспресс Долина” МЧЖ томонидан 36 та “Yutong” ҳамда “Турон-95 МБИ” МЧЖ томонидан 60 та “Zhongtong” русумли автобуслар олиб келинган.
Айни пайтда ушбу транспорт воситалари вилоят марказида 9 та йўналишда брутто шартномаси асосида ҳаракатланмоқда. Ушбу автобуслардан 2026 йилда яна 140 та олиб келиниши ва йўналишлар сонини 18 тага етказилиши режалаштирилган.
Пресс-турнинг кейинги манзили Наманган вилояти транспорт бошқармаси ҳузуридаги Йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси бўлди.
У ерда иштирокчиларга жамоат транспорти ҳаракатини онлайн кузатиш, йўналишларни самарали бошқариш ва назорат қилиш тизимлари намойиш этилди.
Шундан сўнг, журналистлар “Турон-95 МБИ” МЧЖ фаолияти билан танишиб, автобусларни эксплуатация қилиш жараёнларини бевосита кузатдилар.
Мазкур янгиланишлар вилоятда жамоат транспорти тизимини мутлақо янги босқичга олиб чиқиб, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади. Пресс-тур иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан тегишли жавоблар олдилар.







